Хабарингиз бор, бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турларида спортчиларимизнинг эришган ютуқлари туфайли Европа, Осиё, Америка қитъаларининг бир қатор давлатлари спорт мажмуаларида Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янгради. Жаҳон аҳли ушбу нуфузли мусобақалар сабаб бот-бот серқуёш юртимиз номини эҳтиром билан тилга олди. Чет эл оммавий ахборот воситаларида кейинги йилларда ўзбек спортининг тобора ривожланиб бораётгани, ютуқларимиз эътироф этилди.
Яқинда Англияда ўтган жаҳон чемпионатида 60 та мамлакатнинг 500 нафардан зиёд чарм қўлқоп усталари билан кечган шиддатли жанглар сарҳисобига кўра, боксчиларимизнинг 6 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медаллар шодасига эга чиққани ўзбек бокс қудратини Европа ринглари узра дунёга яна бир карра кўз-кўз қилди.

Маҳоратли боксчи ёшларимиз Абдумалик Халоков, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Фазлиддин Эркинбоев, Жавоҳир Умматалиев, Акмалжон Исроилов ва Тўрабек Ҳабибуллаев ўз вазн тоифаларида олтин медални, Навбаҳор Ҳамидова ҳамда Жаҳонгир Зокиров кумуш, Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова ҳамда Азиза Зокирова бронза медалига сазовор бўлиши ортидан Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 1-ўринни, умумжамоада эса 60 та давлат орасида 2-ўринни эгаллагани барчамизга чексиз ифтихор бағишлади.

Жорий йилнинг 20-24 август кунлари Италиянинг Милан шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ташкил этилган 50-жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Артур Гулиевнинг дунёнинг энг кучли каноэчилари билан кечган мураккаб пойгаларда етакчиликка эришиб, олтин медалга сазовор бўлиши Ўзбекистон спортида ўзига хос тарихни яратди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Баҳрайн пойтахти Манамада оғир атлетика бўйича тарихга айланган 89-жаҳон чемпионати ўзбек оғир атлетика мактаби учун бетакрор воқелик даври бўлди.

Мазкур дунё биринчилигида юртимиз оғир атлетикачилари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан умумжамоада 4-ўринни эгаллаган вазиятда тажрибали оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов силтаб кўтаришда 242 килограмм тошни бўйсундириб, жаҳон рекордини ўрнатгани халқаро майдонда ўзбек оғир атлетикасининг ғолиблик анъаналари бардавом эканлигини намойиш этди.

Куни кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришган спортчи ҳамда уларнинг мураббийларига Президент совғаси – BYD автомобиллари ва бир марталик пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган спортчиларга BYD Champion Song ва 15 минг АҚШ доллари, кумуш ва бронза медалини қўлга киритган спортчиларга BYD Chazor автомашиналари ҳамда 7 минг 500 АҚШ доллари, бронза медали соҳибларига BYD Chazor автомашиналари ва 3 минг 750 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари тақдим этилди. Шунингдек, чемпионларни тайёрлаган мураббийлар ҳам бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.
Руслан Нурудинов, Абдумалик Халоков, Тўлқин Қиличев, шунингдек, боксчи Жавоҳир Умматалиевнинг отаси Туробжон Умматалиев давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг спортчи ёшларга, баркамол авлод вакилларига кўрсатаётган ғамхўрлиги, янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлаш борасидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлари жонажон Ватанимизнинг шону-шавкатини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Т.Рўзиев, ЎзА