Канада Бош вазири Марк Карни бугун АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Оқ уйда илк учрашувини ўтказди. Мулоқот икки қўшни давлат ўртасида сўнгги пайт бироз совуқлашган муносабатни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Учрашув чоғида Карни АҚШ томонидан Канада маҳсулотларига жорий қилинган 25 фоизлик тарифга, шунингдек Америка Канадани “51-штат” деб аташига норозилик билдириб, Канада “сотилмайдиган” мамлакатлигини таъкидлади.
– Бундай риторика суверенитетимизни инкор этишдир, – деди ҳукумат раҳбари.

Шундан сўнг икки етакчи суҳбати ижобий оҳангда давом этди. Трамп музокарадан сўнг шундай деди:
– Менимча, муносабатимиз жуда чуқур бўлади. Канада “махсус жой”, бироқ тарифни бекор қилмаймиз. АҚШда Канада маҳсулотларига эҳтиёж йўқ.
Карни эса умумий иқтисодий манфаат мавжудлигини эслатиб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини излашга чақирди. Хавфсизлик ва энергетика соҳаларида стратегик шерикликни ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.
Икки раҳбар июнь ойида Канадада бўлиб ўтадиган G7 саммитида кўришишга келишиб олди. Кейинги учрашув ўзаро тарангликни юмшатишга қаратилган муҳим дипломатик воқеа бўлиши кутилади.
М.Сайфуллаев, ЎзА