Валюта билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти органлари қалбаки валюта, валютани қонунга хилоф равишда ўтказиш каби ноқонуний ҳолатларга қарши мунтазам курашмоқда.
Банк универсал кассаси собиқ кассири И.А. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, чет давлатлардан пул ўтказмалари орқали келган АҚШ долларларини олиш учун банк хизматидан фойдаланган мижозларга қалбаки 2 600 АҚШ доллари ўтказган.
Бу департаментнинг Хонобод шаҳар бўлими ходимлари томонидан “Халқ банки” Хонобод филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлди.
Қалбаки 1,6 минг АҚШ долларининг мижозлар томонидан қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Департаментнинг Оқдарё тумани бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган фуқаро М.Т. фуқаро Б.Б.га жами 3,8 минг АҚШ долларини 43,7 миллион сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Андижон вилояти Жалақудуқ тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган фуқаро Ж.Ж. ва бошқалар фуқаро М.А.га жами 3,5 минг АҚШ долларини 40,1 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департамент матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА