Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова фуқаролардан тушган саволларга жавоб берди.
– Давлат фуқаролик хизмати соҳасида қайси орган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади ва унинг ваколатларига нималар киради?
– “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-бобида бу ҳақда тўхталиб ўтилган. Ушбу бобда давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли органлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа давлат органлари келтирилган.
Шулардан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Ушбу қонуннинг 8-моддасида агентликнинг ваколатлари кўрсатилган. Шулардан бири давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишдир.
– Хорижий олий таълим муассасасини тамомлаганим ҳақидаги диплом вакансиялар порталидаги шахсий кабинетимда кўринмаяпти. Бундай ҳолатда нима қилишим лозим?
– Сизнинг хорижий давлат олий таълим муассасасида ўқиганлигингиз тўғрисидаги диплом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан нострификациядан ўтказилиши лозим. Нострификация қилинган диплом тўғрисидаги гувоҳнома рақами ўрнатилган тартибда базага киритилади. Сизнинг диплом рақамингиз киритилган тақдирда порталдаги шахсий кабинетингизда автоматик равишда кўринади.
– Vacancy.argos.uz порталидаги шахсий кабинетга кириш махфий паролини унутиб қўйсам, қайта тиклашни имкони борми?
– Номзодларнинг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталидаги шахсий кабинетига кириши Ягона идентификация тизими id.egov.uz да олинган логин ва пароль орқали амалга оширилади. Шунинг учун сиз шахсий кабинетга кириш учун логин ва паролни ўзгартириш ёки уни тиклаш борасида iduzsupport@egov.uz ёки 1242 қисқа рақами орқали маълумот олишингиз мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА