Vacancy.argos.uz: очиқлик ва шаффофлик – бош мезон
Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига мувофиқ, Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали ишга туширилди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар сингари давлат бошқаруви ва инсон ресурсларини ривожлантиришга оид қатор вазифалар белгилаб берилди. Мурожаатномада коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйиш экани таъкидланди.
Янги Ўзбекистонда жамиятнинг барча жабҳаларида бўлгани каби раҳбар ва бошқарув кадрлар тизимини янгилаш соҳасида ҳам ислоҳотлар жараёни бошланди ва изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу жараён янгидан таркиб топаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муносабатларнинг моҳиятини англаб, мустақиллик талабларига жавоб берадиган янги раҳбар кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш билан боғлиқ бўлди. Илк босқичларда бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва жой-жойига қўйиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди ва миллий менталитетга мос тизим шакллантирилди.
Бироқ миллий тажриба бугунги кунга келиб давлат органлари ва ташкилотлари малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётгани, кадрлар малакаси юклатилган вазифалар, замонавий эҳтиёжларга номувофиқлиги, қабул қилинаётган қарорлар сифати пастлигига олиб келаётган бир қатор тизимли муаммолар кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимида янги ислоҳотлар ўтказилишини тақозо этаётир. Аммо давлат фуқаролик хизматига кириш истагини билдирган номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи тўғридан-тўғри таъсир кучига эга қонун мавжуд эмас. Шу ва бошқа кадрлар сиёсати билан боғлиқ бўлган тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари, ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва кадрларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаш, улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилиши белгилаб қўйилди.
Тараққий этган давлатлар томонидан намуна сифатида олинган давлат фуқаролик хизмати соҳасида бошқарувнинг замонавий тизимини жорий этишдаги асосий вазифалардан бири “очиқ мустақил танлов асосида кадрларни танлаб олиш” эканини кўриш мумкин. Бунда энг иқтидорли, компетенциялари юқори бўлган ходимлар меритократия тамойили асосида бўш иш ўринларига ишга қабул қилинади.
Меритократия ўзи нима ва у қачон пайдо бўлган?
Меритократия (сўзма-сўз таржима қилинганида “муносиб куч”, лотинча “меритус” – “лойиқ” ва қадимги юнонча “ҳокимият, ҳукумат” маъноларини билдиради) бошқарув тамойилидир. Унга кўра, шахсларнинг ижтимоий ва молиявий жиҳатидан қатъи назар, энг қобилиятли одамлар етакчи ўринларни эгаллаши керак бўлади. Бу тушунчани илк бор Конфуций фалсафаси доирасида учратиш мумкин. Бир қатор тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Хитой тарихининг баъзи даврларида меритократик тизим татбиқ этилган бўлиб, Хун сулоласи даврида 3 босқичли имтиҳонлар тизими кенг қўлланилган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврларда Буюк Британияда имтиҳонлардан ўтишни талаб этадиган касблар (юристлар, шифокорлар) кўплаб ишчилар қатламидан бўлган одамларнинг ўрта синфга ўтишига ёрдам берди. Америка Қўшма Штатларида меритократия принципи аллақачон татбиқ этилган ва америкаликлар ҳар ким шахсий ютуқлари фақат унинг қобилиятига, меҳнатсеварлигига, муносабати ҳамда ахлоқига боғлиқ эканига ишонишади.
Салоҳият, билим очиқ танловда синалади
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш доимий равишда ташкиллаштирилмоқда. Шу мақсадда, Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилди. Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни муносиб кадрлар билан тўлдириш учун “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади. Яъни меҳнат ва кадрлар ишига оид барча интернет платформалари мазкур портал билан интеграциялашган.
Портал интерактив бўлиши билан бирга номзодлар учун қатор имконият ва қулайликларни тақдим этади. Масалан, танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар бир йўла давлат органининг учтагача бўш иш ўрни учун ариза топшириши мумкин. Ариза юбориладиган ташкилотлар сони чегараланмаган. Вакант иш жойига бўлган малакавий талаблар иш берувчи томонидан барча учун тенг тамойил асосида белгиланади.
Бу амалиёт қоғозбозлик ва ортиқча ёзишмалардан холи бўлган электрон платформа сифатида фаолият юритади. Ишга кирмоқчи бўлган кадрлар ташкилотма-ташкилот ҳужжатларни кўтариб овора ва сарсон бўлмайди. Турли идоралардан ортиқча маълумотномаларни олиш ҳам талаб этилмайди. Номзод ҳақидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали автоматик тарзда ўз аризасида акс этади.
Меритократия тамойили орқали бугунги кунга келиб портал орқали 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 33 мингдан ортиқ танлов эълон қилиниб, 450 мингдан ортиқ номзод иштирок этган. Вакант лавозимларнинг 1 256 таси — ҳужжат топшириш жараёнида, 11 123 таси — ҳужжат топшириш муддати тугалланиб, тест ва суҳбат ўтказиш жараёнида, 19 805 тасида эса танлов якуни етган. Давлат хизматига кириш учун ҳужжат топширган номзодларнинг 20 фоизи — 70 мингдан ортиғи хотин-қизларни ташкил этади.
Айни пайтгача ушбу платформа орқали ташкил этилган танловлар натижаларига кўра, 8 200 дан ортиқ энг муносиб номзод давлат органи ва ташкилотларига ишга қабул қилинди. Танлов ғолибларининг 1016 нафарини хотин-қизлар, 2012 нафари — 30 ёшгача бўлган, 1092 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади.
Бу тизимни жорий этишга ташкилот ва идораларнинг кадрлар бўлинмалари қай даражада тайёр, улар янгича тизимнинг драйвери бўла оладими?
2020 йилнинг сентябрь-октябрь, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман-шаҳар ҳокимларининг кадрлар бўлинмалари раҳбарлари учун “Инсон ресурсларини бошқариш”, “Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришнинг замонавий усуллари” мавзуларида масофавий шаклда малака ошириш курслари ташкил қилинди. Ўқув жараёнларида кадрларни танлаш ва улар билан ишлаш борасида замонавий усулларни қўллаш, давлат фуқаролик хизматига иқтидорли кадрларни жалб қилиш, бу жараёнда эътибор бериш лозим бўлган жиҳатларнинг энг кичик нуқталаригача бўлган мезонлар яққол мисоллар ва амалий намуналар билан кўрсатиб берилди.
Натижага қаратилган режа
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимлари давлат реестрини юритиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ порталини янада такомиллаштириш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда.
Очиқ мустақил танловлар ўтказилиши давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишига, давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант ўринларни малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминлашга олиб келади.
Очиқлик ва шаффофлик — бош мезон
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кўрсатмасига мувофиқ, ҳудудларда танловларнинг тест синови босқичи Агентлик филиалларида марказлашган ҳолда ташкил этилаётган бўлиб, тест ва суҳбат босқичи жараёнлари реал вақт режимида ёритилмоқда. Барча онлайн жараёнлар ҳаволаси Телеграмдаги махсус — vacancy online каналига тезкор жойлаштирилмоқда.
Шунингдек, танлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ғолиблар ҳақидаги маълумотлар Телеграмдаги махсус канал — vacancy winners орқали эълон қилиб борилмоқда.
Бундай ёндашув давлат хизматига энг муносиб, малакали кадрларни бюрократик тўсиқларсиз очиқ ва адолатли танлов жараёнлари орқали жалб этиш имконини беради.
Аббос АКРАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини
мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи