Узумзор, зиплайн ва ўтовлар: Паркент тоғларидаги янги дам олиш масканига саёҳат
Тошкент вилояти туризм салоҳияти юқори ҳудудлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мавжуд имкониятларни иқтисодий даромадга айлантириш ва сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, тоғли ҳудудларнинг бетакрор табиати ҳамда қулай иқлим шароитидан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий дам олиш масканлари барпо этилмоқда.
Паркент туманининг Кумушкон маҳалласидаги “Silver Valley” оилавий дам олиш мажмуаси ана шундай истиқболли лойиҳалардан биридир. Табиат қўйнида оилавий ҳордиқ чиқариш учун замонавий шароитларга эга мазкур мажмуа Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари 20 ноябрь куни Паркент туманига ташрифи давомида “Silver Valley” мажмуасида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
– “Кумуш водий” маъносини англатувчи “Silver Valley” дам олиш маскани Қизилнура тоғлари этакларида, денгиз сатҳидан 1350 метр баландликда жойлашган. Умумий майдони 30 гектар бўлган ҳудудда тўртта асосий йўналиш – агротуризм, экотуризм, экстремал ва ички туризм қамраб олинган, – дейди мажмуа таъсисчиси Козим Ниёзов. – Агротуризмни ривожлантириш мақсадида бу ерда 15 дан ортиқ турдаги мевали дарахтлар экилди. Шунингдек, Паркентнинг машҳур узумчилик анъаналарини давом эттирган ҳолда тўрт гектар майдонда узумзор барпо қилинди. Бу сайёҳларга турли навдаги узум, олма ва дўланалардан бевосита татиб кўриш имконини беради.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, мажмуада болалар учун полиз экинлари етиштириладиган махсус майдонлар, экстремал туризм ишқибозлари учун эса барча зарур шароитлар муҳайё қилинган. Бундан ташқари, табиий манзарага уйғун тарзда қурилган ҳаммомлар ва оилавий дам олиш учун бошқа қулайликлар мавжуд. Буларнинг барчаси юртимизда туризм салоҳиятини юксалтириш ва ҳудудлар имкониятидан оқилона фойдаланишга қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.
Меҳмонларни қабул қилиш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун мажмуада кенг инфратузилма яратилган. Жумладан, 120 ўринли 12 та шале услубидаги уй, замонавий қабул биноси, 300 ўринли ресторан, 200 ўринга мўлжалланган 12 та ўтов-ресторан, 100 ўринли терраса-кафе ҳамда тўртта СПА маркази фаолият юритмоқда.
Сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун тафаккур йўлаги, воркаут зоналари, зиплайн ва тюбинг аттракционлари, ёзги кинотеатр ҳамда 10 та аттракциондан иборат кўнгилочар майдон ташкил этилган. Мажмуа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, кунига 2,7 минг нафаргача меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Янги туристик масканлар ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши маҳаллий аҳоли учун ҳам қатор қулайликлар яратмоқда.
– Паркентда шундай файзли дам олиш масканлари очилаётгани, йўллар равонлашиб, транспорт имкониятлари кенгаяётгани барчамизни мамнун қилади, – дейди нуроний отахон Тўрамирзо Орипов. – Сўнгги беш-олти йилда юз берган ўзгаришларни кўриб, кишининг дили яйрайди. Илгари Паркентда темир йўл йўқ эди, бугун эса сайёҳларнинг келиб-кетиши ва дам олиши учун барча шароит муҳайё. Шунга ўхшаш кўркам масканлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қад ростламоқда. Президентимиз ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш йўлида олиб борилаётган бундай ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда. Кексалари эъзозланган, ёшлари қадрланган юртда бундай бунёдкорлик ишлари бардавом бўлаверади.
Дарҳақиқат, Паркентда туризм инфратузилмасининг кенгайиши ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш баробарида, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш учун ҳам янги уфқлар очмоқда. Бу эса, ўз навбатида, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида Паркент туманига 198,2 минг нафар хорижий ва 1,4 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Туризм хизматлари экспорти эса 81,1 миллион долларга етган. Ушбу кўрсаткичлар туман иқтисодиётида туризмнинг улуши тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Эндиликда асосий вазифа мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, хизматлар сифатини юксалтириш ва сайёҳлар оқимининг ўсишини аҳоли фаровонлигига йўналтиришдан иборат.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА