Чотқол этакларидан пойтахт сари: Паркентга кириб келган темир йўл нафаси
Чотқол тоғ тизмаси этакларида жойлашган Паркент азалдан мусаффо ҳавоси, ширин-шакар узуми ва меҳнаткаш, меҳмондўст одамлари билан танилган.
Пойтахтга яқин бу туман бугун нафақат боғдорчилик ва узумчилик ўлкаси, балки туризм маскани сифатида ҳам тилга тушмоқда.
Тоғ ёнбағирларидаги дам олиш масканлари, Кумушкон каби сўлим гўшалар йилнинг ҳар фаслида меҳмонларни ўзига чорлайди. Туризм ривожи туманнинг ижтимоий ҳаётига ҳам янги нафас олиб кирмоқда. Меҳмон кўпайгани сари хизмат кўрсатиш соҳаси кенгайиб, тадбиркорлар учун янги имкониятлар очилмоқда. Сайёҳ учун ҳам, ҳар куни пойтахтга ишга ёки ўқишга қатнайдиган паркентлик учун ҳам энг катта қулайлик, бу, йўлдир. Шу йили фойдаланишга топширилган Паркент вокзали ва электропоезд қатнови туманни Тошкентга янада яқинлаштирди.
Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Паркент туманига айнан шу янги темир йўл орқали, электропоездда ташриф буюрди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Кумушкондаги янги туризм мажмуалари билан танишди.
Хўш, янги қатнов аҳолига қандай қулайликлар бермоқда? Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Нодирбек Тўраев шундай дейди:
“Паркент аҳолиси илгари Тошкент шаҳрига фақат микроавтобус ва йўналишли автотранспортларда қатнаган. Янги поезд туман аҳолиси, айниқса, пойтахтга қатновчилар учун жуда катта қулайлик ва имконият яратмоқда.

“Электропоездимиз ҳар куни эрталаб соат 6:47 да Паркент вокзалидан йўлга чиқиб, бир соатдан сал кўпроқ вақтда Тошкент шаҳрига етиб боради. Поезд олтита вагондан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 586 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади.
Йўловчилар пойтахтга ҳамёнбоп нархда етиб олишмоқда, чипта нархи 10 минг сўм. Уларга янада кенгроқ шароит яратиш мақсадида ойлик абонемент чипталарини ҳам жорий қилдик.
Паркент вокзалининг кутиш зали 50 ўринга мўлжалланган. Бинода савдо дўконлари, дам олиш ва тиббиёт хоналари, бепул Wi-Fi ҳамда электрон чипта сотиш қурилмалари мавжуд”.
Бугун Паркент йирик туризм марказига айланмоқда. Шу боис янги вокзал ва электропоезд маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ҳам айни муддао бўлди. Қатнов вақтлари ҳам саёҳатчиларнинг режасига жуда мос.

Паркентга кириб келган темир йўл шунчаки янги йўналиш эмас, балки олиб борилаётган ислоҳотларнинг одамлар кундалик ҳаётида кўринаётган амалий самарасидир. Кечагина микроавтобус кутиб йўл азобини тортган паркентлик бугун бир соатда, қулай ва арзон нархда пойтахтга етиб бормоқда. Йўл яқинлашгани сари эса туманга сайёҳ ҳам, сармоя ҳам кириб келмоқда. Демак, ислоҳотнинг асл мезони қоғоздаги рақамлар эмас, инсон учун яратилган аниқ қулайликдир. Паркент мисоли буни яққол кўрсатиб турибди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА