Узлуксиз касбий ривожлантиришнинг долзарб масалалари
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти томонидан Халқаро таълим экспертлари иштирокида “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва соҳага оид қарорларида халқ таълими тизимидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур ҳужжатларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги раҳбар ва педагог-ходимларни “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида узлуксиз малака ошириш тизимига трансформация қилиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилгача амалдаги тартибга кўра, педагог-кадрлар ҳар 5 йилда камида 1 марта, раҳбар ва мутахассис ходимлар эса ҳар 3 йилда камида 1 марта малака ошириб келган.
Ўқитувчининг 5 йилда 1 ой, яъни 144 соатлик ўқув дастури асосида малака ошириши ва қолган 4 йилу 11 ой ҳеч қандай ўқувга жалб қилинмаслиги уларнинг ўз устида ишламаслиги, катта ҳажмдаги таълимий ахборотлардан баҳраманд бўлмаслигига олиб келган.
Шу боис, бизда ҳам соҳа ходимларини даврий эмас, балки доимий равишда ўқитиб бориш, малака оширишни ходимларнинг касбий эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этиш долзарб масалага айланиб қолди.
– Конференция тўртта шўбада ўтказилди, – дейди Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Фарҳод Каримов. – Таълим тизимида фаолият юритаётган мутахассислар олдида вазифалар талайгина. Шунга яраша мақсадлар ҳам улкан. Бу конференция ҳам тизимдаги янгиликлар, ўзгаришларга бағишланди. Шу билан бирга халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бор имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда педагоглар учун сифатли, мукаммал маълумотлар базасини яратиб олиш асосий мақсаддир.
Мазкур конференцияда хорижий таълим экспертлари, институтнинг халқаро ҳамкорлари, Республикадаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, бошқа таълим муассасалари ходимлари, илмий-услубий муассасалар мутахассислари, докторант ва мустақил изланувчилар анжуман мавзуси доирасидаги маърузалари билан иштирок этди.
Конференцияни ўтказишдан асосий мақсад, халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг эҳтиёжларга асосланган самарали тизимини жорий этиш, хорижий таълим экспертлари ва институтнинг халқаро ҳамкорлари билан фикр алмашиш, хориж тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорликни кенгайтиришдир.
– USAID томонидан молиялаштириладиган ва Халқ таълими вазирлиги билан яқин ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури»га раҳбарлик қиламан ва вазирлик, хусусан, А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти билан мустаҳкам ҳамкорликка эгамиз, – дейди Валерие Ҳауген. – Ҳамкорлик дастуримиз ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва ўқув дастурлари учун рақамли платформани ишлаб чиқишга қаратилган. Биз амалиётга жорий этилган онлайн «LMS» – ўқитишни бошқариш платформасини такомиллаштиришга кўмаклашиш мақсадида иш олиб боряпмиз ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича Республика таълим маркази билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Бугунги конференция ўқитувчиларнинг доимий касбий ривожланишига йўналтирилгани билан аҳамиятли. Бу конференция нафақат чет эллик иштирокчилар балки халқаро ташкилотлар ва маҳаллий мутахассис иштирокчиларни бирлаштиради.
Конференцияда узлуксиз касбий ривожлантиришнинг эҳтиёжларга асосланган самарали тизимини жорий этиш, таълим мазмунини такомиллаштириш, тизим ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда масофавий таълим ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, сифат ва самарадорликни таъминлаш ҳақида сўз борди.
Барно Мелиқулова,
ЎзА