Янги рекордлар ва унутилмас лаҳзаларни ҳадя этган Президент Олимпиадаси чинакам дўстлик байрамига айланди
Спорт ёшларнинг иродасини тобловчи, уларни буюк мақсадлар сари бирлаштирувчи қудратли куч саналади. Сўнгги кунларда бутун юртимиз ана шундай шижоат ва чинакам ёшлик байрами оғушида яшади.
Минглаб ўғил-қизларнинг қалбида ғалабага интилиш, соғлом рақобат туйғуларини жўш урдирган навбатдаги Президент Олимпиадаси унутилмас лаҳзалар билан ўз ниҳоясига етди. Бу мусобақа Янги Ўзбекистоннинг эртанги чемпионларини кашф этган катта умидлар ва матонат майдонига айланди.
Мазкур тарихий спорт байрами шу йилнинг 27 октябрь куни Олимпия шаҳарчасида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида тантанали равишда бошланган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу муҳташам мажмуада ёш спортчиларимизга катта ишонч билдириб, беллашувларни очиқ деб эълон қилганди. Бугун эса бутун мамлакатимиз бўйлаб катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатилган, юртимиз спорт ҳаётида чинакам воқеликка айланган ушбу катта спорт байрами ўз ниҳоясига етди.
Олимпиаданинг муваффақиятли якуни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев спорт мусобақаларининг ғолиблари ва барча иштирокчиларига ўзининг самимий табригини йўллади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу табрикномасида қайд этилган фикрлар ва сарҳисоб қилинган натижалар мусобақанинг нақадар улкан аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.
Табрикда таъкидланганидек, ушбу нуфузли беллашувлар фақат биринчилик учун курашиш бўлмади. Бу теран фалсафага эга бўлган тарбия ва маънавият анжумани сифатида ўтди. Икки ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида 3,5 мингдан зиёд ёш спортчимиз 26 та спорт тури бўйича куч синашди. Қизғин руҳда ўтган мусобақалар ўғил-қизлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаб, уларнинг Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада юксалтирди.
Давлатимиз раҳбари очилиш маросимида эълон қилган ва табрикномасида яна бир бор ўз тасдиғини топган тизимли ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонда олимпия ҳаракати мутлақо янгича ёндашув асосида ривожланмоқда.
Президент ўз табригида беллашувларда қайд этилган юқори натижа ва рекордларга алоҳида тўхталиб, улар мусобақаларга бўлган қизиқишни янада оширганини тилга олди. Давлатимиз раҳбари келтириб ўтган натижалар ва исм-шарифлар Янги Ўзбекистонда қандай истеъдодли авлод вояга етиб келаётганининг ёрқин намунасидир.
Хусусан, қашқадарёлик спортчи Кумуш Кўчкинова қатъий ирода кўрсатиб, бир йўла спортнинг икки тури – дзюдо ва кураш бўйича олтин медалларни қўлга киритгани эътироф этилди. Тошкентлик Аиша Енина эса бадиий гимнастиканинг якка кўпкураш, тасма ва тўп билан машқларида учта олтин, ҳалқа йўналишида кумуш ва булавалар билан машқда бронза медалини қўлга киритиб, ўз номини ушбу ўйинлар тарихига муҳрлади.
Оғир атлетика супасида қайд этилган натижалар ҳам Президент табригидан алоҳида ўрин олди. Тошкент вилояти вакили Муштарий Ўролова 60 килограммдан юқори вазн тоифасида даст кўтаришда 109 килограмм, силтаб кўтаришда 136 килограмм ва икки кураш якунига кўра 245 килограмм натижа билан жаҳон рекордини ўрнатди. Шунингдек, Шердор Эшпўлатов, Икром Мўминбоев, Беҳрўз Ҳасанов, Солиҳа Баҳодирова, Дилфуза Йўлдошева, Зуҳра Иброҳимова каби ёшларимизнинг Ўзбекистон рекордини янгилагани катта қувонч билан қайд этилди.
Параспортчиларимизнинг матонати ҳам эътибордан четда қолмади. Парасузиш бўйича андижонлик Ҳикматулла Ҳайдаралиев ва қорақалпоғистонлик Шаҳноза Ережепбаева 4 тадан олтин медални қўлга киритгани, сирдарёлик енгил атлетикачи Дурдона Жуманқулова эса уч кураш беллашувларида 2014 очко жамғариб, 14 ёшлилар орасида энг юқори натижани қайд этгани юксак баҳоланди.
Таъкидланганидек, бу мусобақаларда мағлублар бўлмади! Ғолиблар қаторида беллашувларда қатнашган ҳар бир спортчи ўзи учун зарур билим ва бебаҳо тажриба тўплади. Давлатимиз раҳбари спортчиларнинг катта спортда ўз ўрнини топиши учун елкадош бўлаётган ота-оналарга, жонкуяр устоз ва мураббийларга миннатдорлик билдирди.
Ҳақиқатан ҳам, чинакам чемпионлар фақат ғалаба билан эмас, балки қийинчиликларни мардона енгиб, мақсад сари қатъий интилиши билан ибрат кўрсатади. Навбатдаги Президент Олимпиадаси миллий спортимиз тарихида айнан шундай мард ва иродали келажак юлдузларини кашф этган, юртимизнинг жаҳон ареналаридаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қиладиган унутилмас воқеа сифатида муҳрланди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА