Самарқанд марафони ғолиблари аниқланди
7-8 ноябрь кунлари “Samarkand Marathon–2026” мусобақалари ўтказилди.
Бугун бўлиб ўтган асосий баҳсларда 10 километр масофага югуришда эркаклар ўртасида наманганлик Жобир Қаҳҳоров, аёллар баҳсида навоийлик Садафбону Нусратуллаева маррага биринчи бўлиб етиб келди.

21,1 километрлик ярим марафонда ҳам юртдошларимиз ғолибликни эгаллади. Эркаклар баҳсида тошкентлик Ҳасан Мирсоатов, аёллар баҳсида самарқандлик Маржона Аҳмадалиева маррага биринчи бўлиб етиб келди.
42,2 километр масофага ўтказилган асосий марафонда кениялик Леонард Барсотон
02:15:44 натижа билан финиши чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди.
Ҳамюртимиз Андрей Петров иккинчи, Эфиопия вакили Мамо Менгисту учинчи ўринни эгаллади.
Аёллар баҳсида эфиопиялик марафончи Обсе Абдета 02:39:25 натижа билан ғолибликни қўлга киритди.
Иккинчи ва учинчи ўринларни кениялик Дайзи Жемутай Рутто ҳамда Глэдис Чемутай эгаллади.
“Samarkand Marathon– 2026” ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланди.



Тақдирлаш маросимида олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони, британиялик афсонавий спортчи Сер Мо Фара ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси марафонларни ташкил этиш бўлими бошлиғи, “Samarkand Marathon” туркуми раҳбари Мирхан Сагитов иштирок этди.

Шу тариқа 63 давлатдан 10 мингдан ортиқ спортчи ва ҳаваскорлар қатнашган бу йилги “Samarkand Marathon” якунланди. Марафондан тушган маблағ юртимизда болалар спорт майдонлари ташкил этишга йўналтирилади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари