Уйи бор эди, энди ҳуқуқи ҳам бор
Инсон учун уй шунчаки деворлар билан ўралган макон эмас. У — оила хотиралари, фарзандлар камоли, йиллар давомида қилинган меҳнат ва эртанги кунга бўлган ишонч мужассам бўлган қутлуғ маскан. Шу боис уй-жойнинг ҳуқуқий мақомига эга бўлиш ҳар бир оила учун катта аҳамият касб этади.
Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги Қалайчорбоғ маҳалласида яшовчи Шерали Мирхонов учун ҳам йиллар давомида очиқ қолиб келган масаланинг қонуний ечим топиши ана шундай унутилмас воқеага айланди.
Шерали ака ўз хонадонида узоқ йиллардан буён истиқомат қилиб келади. Аммо уй-жойга бўлган мулкий ҳуқуқни расмийлаштириш масаласи шу пайтга қадар тўлиқ ҳал этилмаган эди. Бугун эса бу муаммо ортда қолди.
“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун доирасида Шерали Мирхоновнинг хонадони кадастр ходимлари томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказилди.
Қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ташкилотларнинг ижобий хулосалари олинди. Якунда эса Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг тегишли қарори билан Шерали аканинг йиллар давомида яшаб келаётган уй-жойига бўлган мулкий ҳуқуқи эътироф этилди.
Энг муҳими, бу жараёнда фуқаронинг ташкилотма-ташкилот юриб, турли ҳужжатлар ортидан сарсон бўлишига ҳожат қолмади. Кадастр ходимлари унинг хонадонига бориб, зарур хатлов ишларини амалга оширди.

Бу — инсонга хизмат қилишнинг энг оддий, аммо энг таъсирчан кўринишларидан бири.
— Йиллар давомида яшаб келаётган уйимизнинг ҳуқуқий масаласи ҳал бўлганидан жуда хурсандман. Энг муҳими, бу жараёнда ташкилотма-ташкилот юриб, ҳужжат ортидан овора бўлишимга тўғри келмади. Кадастр ходимларининг ўзлари уйимизга келиб, хатлов ишларини амалга оширишди. Кейинчалик тегишли ташкилотлардан ижобий хулосалар олинди ва Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг қарори билан яшаб келаётган уй-жойимизга бўлган ҳуқуқимиз эътироф этилди. Бу мен учун жуда катта қувонч. Чунки ўн йилдан буён яшаб келаётган уйимиз энди ҳуқуқий жиҳатдан ҳам ўзимизники эканини тасдиқлаш имконига эга бўлдик, — дейди Шерали Мирхонов.
Шерали аканинг ҳаётий мисоли Бухоро вилоятида амалга оширилаётган хатлов ишларининг инсонлар ҳаётидаги амалий аҳамиятини яққол намоён этади.
Айни пайтга қадар вилоятда 91 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 7 641 та кўчмас мулк объекти бўйича фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари эътироф этилди. Бу рақамларга оддий статистика сифатида қараб бўлмайди. Чунки ҳар бир рақам ортида ўз уйининг ҳуқуқий мақомини йиллар давомида кутиб яшаган инсон, оила, фарзандлар ва тақдирлар турибди.
Ким учундир бу — уйининг ҳужжатлари тўғриланиши. Ким учундир эса бу — фарзандига мерос қолдириш имконияти, банкдан кредит олиш, мулкни қонуний равишда сотиш ёки ҳадя қилиш ҳуқуқининг пайдо бўлиши демакдир.

Ҳуқуқи эътироф этилган кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали фуқаролар ўз мулкидан қонуний ва тўлақонли фойдаланиш имкониятига эга бўлишади. Яъни энди фуқаро ўз уй-жойини қонун доирасида тасарруф этиши, сотиши, ҳадя қилиши, мерос қолдириши ёки кредит олишда гаров сифатида фойдаланиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, хатлов жараёни оддий ҳисоб-китоб ёки маълумот тўплашдан мутлақо кенгроқ маънога эга. У йиллар давомида ечимини кутиб келган мулкий масалаларга ҳуқуқий аниқлик киритиб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу жараёнда инсоннинг вақти, оворагарчилиги ва ортиқча сарсон-саргардонлигининг олди олинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мулкий дахлсизлигини кафолатлаш каби эзгу мақсадлар турибди.
Бугун давлат идораларининг халққа яқинлашиши, хизматларни инсоннинг ўзига қулай тарзда ташкил этиш, муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва қонуний ечимини таъминлаш ана шу сиёсатнинг амалий ифодаси бўлмоқда.

Шерали Мирхоновнинг хонадонидаги ўзгариш ҳам ана шу катта сиёсатнинг бир оила ҳаётидаги кичик, аммо жуда муҳим акс-садосидир. Кеча ҳуқуқий мақоми савол остида турган уй-жой бугун қонуний жиҳатдан эътироф этилган мулкка айланмоқда. Кеча ҳужжат кутиб яшаган оила бугун ўз мулкига бўлган ҳуқуқи қонун билан кафолатланганини ҳис қилмоқда.
Бу — шунчаки кадастр ҳужжати эмас. Бу — хотиржамлик, ишонч ва эртанги кунга мустаҳкам пойдевор.
Зеро, инсон қадрини улуғлаш ҳақидаги гаплар айнан шундай ҳаётий мисолларда ўзининг ҳақиқий мазмунини намоён этади.+
Шерали аканинг қувончи эса бугун Бухорода кеча ва бугун ўртасидаги фарқни яққол кўрсатиб турибди: инсон ўз уйида нафақат яшаши, балки унга бўлган ҳуқуқини ҳам тўлиқ ҳис қилиши керак.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири