Фойдаланишга қабул қилинмаган уйларга фуқароларнинг кўчиб кириши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади
Сенатнинг 21-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қурилиши тугалланмаган кўп квартирали уйларда ноқонуний яшашнинг олдини олишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам фуқароларнинг уй-жой ҳуқуқини таъминлаш ва мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган муҳим нормалар мустаҳкамланган.

Қонун билан белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига буюртмачининг, пудратчининг масъул шахси ва (ёки) мансабдор шахси томонидан йўл қўйилганлиги учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шаҳарсозлик кодексига буюртмачилар ва пудратчиларнинг зиммасига белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик чораларини кўриш мажбурияти юклатилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Муҳокама давомида сенаторлар қонуннинг амалий аҳамиятига алоҳида тўхталиб, мазкур ўзгартиришлар уй-жой билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА