Юридик клиника
Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш қонунда алоҳида белгиланган бўлиб, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кўрсатиб ўтилган. Хусусан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни ва иншоотларни бузиб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.
Хўш, уй бузиб ташланса пул бериладими? Агар низо келиб чиқса, бу қандай ҳал этилади?
“Снос”лар билан боғлиқ саволларимизга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддиновдан жавоб олдик.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида” низом тасдиқланган.Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация беришнинг шаффоф тартиб-таомилларини жорий этиш орқали мулкдорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
– Олиб қўйилган ер участкалари бошқа бир шахсларга берилиши мумкинми?
– Йўқ, бу тақиқланади. Чунки давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Ушбу ер участкаларини бошқача тарзда ва бошқа шахсларга ажратиш мумкин эмас.
– Ер участкалари олиб қўйилаётганда мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиладими?
– Ҳа, албатта. Бунинг ҳам алоҳида тартиби бор. Очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб йигирма кун мобайнида ўтказилади. Ушбу муддат бузилган тақдирда тақдимот материаллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан умумий тартибда қайта кўриб чиқилиши лозим.
Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига очиқ муҳокама ўтказиш санаси ва жойи кўрсатилган хабарнома Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб икки кун мобайнида, бироқ очиқ муҳокама ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин ташаббускор томонидан ёзма равишда юборилади.
– Агар уй-жой олиб қўйилса, кўчириш билан боғлиқ харажатлар ҳам тўланадими?
– Ҳа, албатта. Низомнинг 45-бандига кўра мулкдорга кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар, бой берилган фойда, шунингдек, қонун ҳужжатларида ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажат ва зарарлар компенсация қилиб берилиши керак. Бузилаётган уйнинг мулкдорини излаб топиш имкони бўлмаса олиб қўйилиши режалаштирилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори (агар турар жой бўлса, шунингдек, ушбу манзилда рўйхатдан ўтган оила аъзолари) бўлмаган тақдирда, ташаббускор уларни излаш учун барча зарур чораларни кўради.
Агар бир йил мобайнида мулкдорни излаб топиш имкони бўлмаса, инвестор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳар) ҳокимликларига ушбу кўчмас мулк объектини эгасиз деб эътироф этиш ва ушбу кўчмас мулк объектини давлат мулкига ўтказиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
– Агар келишув тузган мулкдор вафот этиб қолса, компенсация тўланмайдими?
– Тўланиши керак. Мулкдор келишув тузилгандан сўнг вафот этиб қолган тақдирда, келишув бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар унинг меросхўрларига улушларига мутаносиб равишда ўтади. Мулкдор келишув тузилгунга қадар вафот этиб қолган бўлса, келишув тузиш бўйича музокаралар унинг меросхўрлари билан олиб борилади. Меросхўрларнинг ҳар бирини меросдаги улуши меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома асосида, низо юзага келган тақдирда суд томонидан белгиланади.
– Компенсация пули берилмасдан олдин кўчмас мулк бузиб ташланиши мумкинми?
– Йўқ, бу тақиқланади. Низомнинг 55-бандига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисида қарор лойиҳаси барча мулкдорларга тегишли компенсация берилганидан кейин, шунингдек, турар ва нотурар жойлар, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоотлар амалда тўлиқ бўшатиб қўйилганидан сўнг икки иш куни мобайнида тайёрланади.
– Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш ҳақидаги қарор лойиҳаси адлия органлари томонидан ҳам кўриб чиқиладими?
– Ушбу қарор лойиҳаси адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши шарт. Қарор лойиҳасини кўриб чиқишда адлия органлари томонидан зарур ҳолларда бошқа тегишли ҳужжатлар талаб қилиб олиниши мумкин. Қарор лойиҳасини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича хулоса бериш муддати икки иш кунидан ошмаслиги лозим.
Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
– Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш ҳақидаги қарор устидан шикоят қилса бўладими?
– Албатта. Бунинг тартиби ҳам Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкасини олиб қўйилиши ёки олиб қўйилишини рад этилиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент туман (шаҳар) ҳокимларининг кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
Мулкдор ва ташаббускор ўртасида юзага келадиган низо бўйича келишувга эришилмаган тақдирда – ушбу низо суд тартибида кўриб чиқилади.
Низо келиб чиққан тақдирда, ушбу низо бўйича суднинг қарори қонуний кучга киргунга қадар ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА