Устоз журналистнинг 90 ёши нишонланди
Фарғонада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, вилоят журналистикасининг таниқли вакилларидан бири Дониёр Эргашев таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда журналистлар, фахрийлар, ижод аҳли, ҳамкасблар ва шогирдлар иштирок этиб, устознинг ҳаёт йўли, кўп йиллик меҳнати ва миллий журналистика ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида самимий фикрлар билдирди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг юбилей муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Унда Дониёр Эргашевнинг журналистика соҳасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, касбий маҳорати ва ҳудудий ахборот мактабини ривожлантиришдаги хизматлари эътироф этилди.
[gallery-32173]
Дониёр Эргашев узоқ йиллар давомида Фарғона вилояти телерадиосида ҳамда «Фарғона ҳақиқати» газетасида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Унинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий ҳаётини ёритиш, долзарб масалаларни жамоатчиликка етказиш ва журналистлар авлодини тарбиялаш билан чамбарчас боғлиқ.
– Устоз мансаб лавозимларида ишлаган, бошқа амалдорлар билан ҳаёт йўли кесишган чоғларда ҳам ҳеч қачон ўзлигини, журналистикага содиқлигини йўқотмаган, – дейди вилоят телерадиокомпанияси директори Иброҳимжон Ҳалимбеков. – Фақат жамият ҳаётидаги муаммоларни кўтарган ва ёритилиши зарур бўлган мавзулардан қайтмаган.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар устознинг раҳбарлик тажрибаси, касбига садоқати, ҳамкасбларига муносабати ва ёш ижодкорларга кўрсатган кўмаги ҳақида тўхталди. Унинг журналистикадаги кўп йиллик фаолияти, матбуот ва телерадиожурналистика соҳаларидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
– Устознинг хабарми, публицистик таҳлилми – барча мақолалари дастлаб қараганда оддийдек туюлади. Аммо сўзга шу қадар заргарона ёндашадики, ижобий маънода сўзга хасислик билан, ҳар бир жумласига алоҳида сайқал бериб, фикрларини марварид-маржондек тизади. Уларнинг матнидан бирор жумлани олиб ташлаш ҳам, ортиқча сўз қўшиш ҳам мумкин эмас, – дейди «Халқ сўзи» газетаси мухбири Ботир Омонов. – Шу боис устознинг ҳар бир мақоласи маҳорат ва мукаммаллик сабоғидир.
Устоз Дониёр Эргашев 90 ёшда бўлса-да, ҳамон қалам тебратади. Шогирдлар ижодини таҳлил қилади, маҳорат мактабида ёшларга журналистика амалиётидан дарс беради.
Тадбир якунида Дониёр Эргашев сўзга чиқиб, юбилей муносабати билан билдирилган самимий табриклар, эътибор ва ҳурмат учун барчага миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларидан инсон умри давомида қилган меҳнати эл-юрт ва касбдошлар эътирофида қадр топиши катта бахт экани англашилди.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА