Етти авлоддан ўтиб келаётган кулолчилик мактаби
Пойтахтимиздаги Тошкент музейида «Мерос ва маҳорат» номли кулолчилик кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада кулол Алишер Раҳимов ижоди, миллий кулолчилик санъатининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилди.
Тадбир давомида ташриф буюрувчилар кулолчилик санъати, унинг бой тарихи ва халқимиз маданий меросидаги ўрни билан яқиндан танишди.

Кулолчилик — миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор намунаси сифатида аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган ҳунар турларидан. Оддий тупроқдан санъат асари даражасидаги буюм ва нарсаларни яратиш, уларга турлича шакл бериш, нақш ва ранглар билан безаш ҳар бир кулолнинг маҳорати ва истеъдоди билан боғлиқ жараён.
Тошкент шаҳрида жойлашган Раҳимовлар кулолчилик мактаби 7 авлоддан бери давом этиб келаётган машҳур кулоллар сулоласи томонидан ташкил этилган. Мактабнинг замонавий тарихи ва илмий асоси Ўзбекистон халқ рассоми, устоз кулол Муҳитдин Раҳимов (1903–1985) номи билан чамбарчас боғлиқ. 2005–2006 йилларда эса ушбу сулоланинг 5 ва 6-авлод вакиллари томонидан Тошкентда расмий «Устоз-шогирд» кулолчилик мактаби ва оилавий студиясига асос солинган.

«Мерос ва маҳорат» деб номланган кўргазма миллий кулолчилик санъатини авлодлар давомийлигида асраб-авайлаб ва ривожлантириб келаётган Раҳимовлар оиласининг ижодий мероси ва бетакрор маҳоратини намоён этади. Кўргазмага қўйилган ҳар бир кулолчилик намунасида табиатнинг гўзаллиги, халқнинг дунёқараши, миллий тафаккури ва эстетик диди ўз ифодасини топган, миллий анъаналарга эҳтиром ва янгиликка интилиш мужассам. Шакллар нафосати, ранглар уйғунлиги, нақшлар жозибаси ва ҳар бир буюмдаги ўзига хос бадиий ечимлар халқимизнинг бой маънавий оламини ўзида ифода этган.

Кўргазмада қайд этилганидек, оилавий кулолчилик мактабида авлодлар тажрибаси, устозлар сабоғи ва шогирдлар изланиши бир-бири билан уйғунлашиб, ўзига хос ижодий муҳитни шакллантиради. Оилавий ҳунармандчилик анъаналарининг давом этиши эса нафақат бир оиланинг ютуғи, балки миллий маданиятимизнинг бойиши ва маънавий меросимизнинг яшовчанлигига хизмат қилади, миллий анъаналаримизни асраб-авайлашда муҳим ўрин тутади.
М.Комилова,
ЎзА