Устоз журналист хотирасига эҳтиром
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 51-мактабда мазкур таълим муассасаси битирувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновга хотира лавҳаси ўрнатилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда устоз журналистнинг оила аъзолари, ҳамкасблари ва шогирдлари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
– Сафар ака ўзбек журналистикасининг тажрибали, ҳозиржавоб ва маҳоратли вакилларидан бири эди, – деди “Оқдарё овози” газетаси муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев. – Газета таҳририятларида, давлат идораларида ишлаганида ҳам ўткир фельетон ва танқидий мақолалари билан жамият ҳаётидаги муаммолар, нозик масалаларни ҳам маҳорат билан қаламга оларди. Бу борада у кишидан кўп нарса ўрганганмиз. Муҳими, Сафар ака ўз тажрибаларини ёшларга ўргатиб, кўплаб шогирдлар тайёрлади, улар бугун мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида, раҳбарлик вазифаларида ишлаб келмоқда.

Тадбирда Сафар Остоновнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятининг ибратли жиҳатлари ҳақида шу каби фикрлар билдириб, унинг журналистика соҳасидаги муносиб ўрни ва хизматлари алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, марҳум ижодкорнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини акс эттирувчи фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири