Устоз меҳнатининг самараси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилда педагоглар ўртасида илк бор ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 16 та туман ва Нукус шаҳри бўйича 17 нафар педагог биринчи ўринни эгаллади.
Улар орасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Нукус филиали кимё фани ўқитувчиси Зибайда Жолдасбаева ҳам бор.
[gallery-31674]
Зибайда Жолдасбаева ўз касбига фидойи, изланувчан ва тажрибали педагоглардан. У дарс жараёнида замонавий ёндашувлардан самарали фойдаланиб, ўқувчиларнинг фанга қизиқишини ошириш, иқтидорини намоён этиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратади.
Устоз меҳнатининг самараси унинг шогирдлари қўлга киритаётган ютуқларда ҳам намоён бўлмоқда. У тайёрлаган ўқувчилар Қорақалпоғистон Республикаси, республика ва халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.
“Йил ўқитувчиси” танловидаги ғолиблик педагогнинг кўп йиллик меҳнати, касбий маҳорати ва таълим соҳасидаги изланишларининг муносиб эътирофи бўлди.
Танлов ғолибларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари, яъни 616 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилади. Танлов педагогларнинг касбий салоҳиятини намоён этиш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ва меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Устознинг энг катта ютуғи — шогирдларининг камоли ва муваффақияти. Зибайда Жолдасбаева каби фидойи педагогларнинг самарали меҳнати ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА