Курсантлар “Она тилим — миллатим фахри” кўрик-танловида иштирок этди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Ўзбек тили байрамига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ҳамда курсант ва талабалар ўртасида “Она тилим — миллатим фахри” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Дунё харитасидаги ҳар бир халқ ва миллат ўзининг ҳудуди, маданияти ва энг муҳими, ўз тили билан ажралиб туради. Тил миллатнинг борлигини, унинг тарихий илдизларини ва маънавий қиёфасини намоён этувчи энг олий кўзгудир. Тарих синовларидан ўтиб, аждодлар мероси сифатида бизгача етиб келган она тилимиз ўзбек тили нафақат давлатчилигимиз тимсоли, балки ҳар бир ватандошимизнинг қалбидаги миллий ғурур ва ифтихор манбаидир. Зеро, тил яшаса — миллат яшайди, тил тараққий этса халқнинг истиқболи порлоқ бўлади.
[gallery-32079]
Тадбирда таниқли олима, фалсафа фанлари доктори, профессор, маънавият тарғиботчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Жамила Шермуҳаммедова томонидан она тилига ҳурмат, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ёш авлоднинг маънавий камолотида тил маданиятининг ўрни хусусида фикр билдирилди.
Танлов доирасида иштирокчилар “Ўзбек тили — миллат кўзгуси” мавзусидаги видеороликлар, баҳр-у байт беллашуви, “Она тилига ҳурмат — ўзимизга ҳурмат” мавзусидаги саҳна кўринишлари ҳамда “Тил — миллат тимсоли” мавзусидаги иншолар орқали ўз билимлари, ижодкорлиги ва нутқ маҳоратларини намойиш этдилар. Беллашувлар белгиланган мезонлар асосида баҳоланиб, якунда ғолиблар ва иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Қайд этилганидек, мазкур тадбир ёшларнинг она тилига эҳтиромини юксалтириш, саводхонлиги ва нутқ маданиятини ривожлантириш, шунингдек, миллий қадриятлар ва маънавий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга қаратилди.
Гулноза Бобоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА