“Open Science” платформаси – илмий тадқиқотларни очиқ ва шаффоф қилишга қаратилган ҳаракат ва технологиялар мажмуаси бўлиб, ушбу концепция илмий маълумотлар, тадқиқот натижалари ва таҳлил усулларини эркин ва оммабоп қилиб тақдим этишни назарда тутади.
Мазкур платформа илмий ҳамкорлик ва фикр алмашишни ривожлантирибгина қолмасдан, тадқиқотларнинг тезроқ ва самаралироқ амалга оширилиши ва илм-фан ҳамда жамият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдек афзалликларга ҳам эга.
Қувонарлиси шундаки, Наманган давлат университетида “Open Science” платформаси очилган ва унда 30дан ортиқ контент яратилган. Бу дастур воситасида халқаро рейтингларда муносиб иштирокни таъминлаш мақсадида 11 та индикатордан иборат “KPI” баҳолаш тизими ишлаб чиқилган. Университетда ана шу тизим воситасида тегишли кўрсаткичларни қайд этган барча факультетлар, кафедралар ва профессор-ўқитувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда НамДУ ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов йиғилганларни Наврўз умумхалқ байрами билан табриклаб, юқори илмий натижаларга эришаётган факультет деканлари, кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчиларга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Жорий йилнинг биринчи чораги давомидаги кўрсаткичларга асосан, университет миқёсида биотехнология факультети биринчи, физика-математика факультети иккинчи, иқтисодиёт факультети эса учинчи ўринларни эгаллади ва уларнинг деканларига пул мукофотлари тақдим қилинди.
Бундан ташқари, тадбирда юқори натижаларга эришган уч нафар кафедра мудирлари ва бошқа факультетларнинг ўн нафар профессор-ўқитувчининг ҳам мукофотлангани эътироф этилди. Қолаверса, ушбу тизим бўйича рейтинг кўрсаткичларидан келиб чиқиб, бошқа факультетлар масъул ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари ҳам моддий рағбатлантирилди.
Бундай самимий рағбат ва эътибор олий таълим муассасаси илмий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Зеро, шаффоф натижа ва кўрсаткичлар нафақат профессор-ўқитувчиларни, балки ёш тадқиқотчиларни ҳам янги изланишлар сари руҳлантиради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА