Университет илмий салоҳияти ошмоқда
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда университет ректори Бахтиёр Мардонов олий таълим муассасаси фаолияти, коррупцияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар, халқаро ҳамкорлик борасидаги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Навоий шаҳар прокурори Худойберди Норқобилов, Навоий туманлараро маъмурий суди судьяси Фаррух Жумақулов коррупцияга қарши кураш, одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар ҳақида гапирди.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети юртимиз кончилик соҳаси учун малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи олийгоҳлардан биридир. 1963 йилда Тошкент политехника институтининг кечки ўқув маслаҳат пункти сифатида фаолият бошлаган олийгоҳга Президентимизнинг 2022 йил 31 мартдаги “Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорига асосан университет мақоми берилди. Ҳозирда университетда 8,5 мингдан зиёд талабага 300 нафарга яқин педагоглар таълим беради. Яқин йиллар ичида эса бу ерда талабалар сонини 15 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Университетда 4 та факультетда 9 та мутахассислик ва 6 та номутахассислик кафедралари мавжуд. 2018 йилда олийгоҳда 24 та ўқув ҳамда 3 та илмий лаборатория мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб улар сони жами 43 тага етди. 2024 йилда бу кўрсаткични 63 тага етказиш устида иш олиб бориляпти.
– Албатта, бу имкониятлар илмий-тадқиқотларнинг кенгайишига ижобий таъсир ўтказади, – дейди университет ректори Б.Мардонов. – Жумладан, илмий ҳимоя ишлари сони 2018 йилда 17 тани ташкил этган, 2022 йил якунида 40 тага етди.
[gallery-10533]
Бугунги кунда юртимиз олий таълим муассасалари Миллий рейтингида 5-ўринни эгаллаб турган олийгоҳнинг илмий салоҳияти 50 фоизни ташкил этади. Бу ерда 31 нафар фан доктори, 108 нафар фан номзодлари фаолият юритмоқда. Университет олимлари томонидан 2018 йилда 3 та интеллектул мулкка патент олинган бўлса, ўтган йилнинг ўзида бу кўрсаткич 12 тага етказилди.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида халқаро илмий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ҳозирда Буюк Британиянинг Лидс университети, АҚШнинг Коларадо кончилик университети, Москва шаҳридаги Миллий тадқиқотлар ва технологиялар университети, Япониянинг Акита университети ва бошқа нуфузли олийгоҳлар билан ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.
– Университетда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, олийгоҳни “Рақамли университет” га айлантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Б.Мардонов. – Олийгоҳимизда асосий эътибор профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун ахборот-коммуникация технологиялари бўйича яратилган шароитлар, электрон ҳужжат алмашиш, таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этишга қаратилган. Хусусан, университетнинг “Рақамли таълим технологиялари маркази” томонидан бу борада фаол иш олиб борилмоқда. Барча факультетлар локал тармоқ ва интернет тармоғига уланган. Шунингдек, талабалар ва ўқитувчилар фойдаланишлари учун ректорат биноси, факультетларда ва ахборот ресурс марказида “Wi-Fi” зоналар ташкил этилган. Айни вақтда барча факультетларда ва ректорат биносида “СМАРТ” хоналар ташкил этиляпти.
Талабалар билимини баҳолаш учун компьютерда тест олишда test.ndki.uz платформаси ишлатилмоқда. Шу билан бирга, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб масофавий таълим платформаси тизими яратилиб, ишга туширилган. “Рақамли университет” лойиҳаси доирасида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” ишлаб чиқилган. Университет Ахборот-ресурс марказида фойдаланувчиларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида 180 мингдан ортиқ китобларнинг электрон нусхалари бўлган “Электрон кутубхона портали” ҳамда “Ахборот кутубхона бошқарув тизими” дастурлари ишга туширилган. Дастурдан ҳозирда 6 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчилар ва талабалар фойдаланмоқда.
Тадбир сўнгида иштирокчилар олий таълим муассасасидаги ўқув жараёнлари, лаборатория ва амалий машғулот хоналаридаги шароитлар билан танишди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА