Германияда давом этаётган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг иккинчи кунги баҳслари вакилларимиз учун муваффақиятли ўтди.
Жумладан, бадиий гимнастика бўйича кўпкураш йўналишида Тахмина Икромова ҳамда 50 метр масофага баттерфляй усулда сузишда Элдорбек Усмонов кумуш медалга эга чиқди.
Натижада Ўзбекистон делегацияси мазкур мусобақадаги дастлабки медалларига сазовор бўлди. Шунингдек,теннис бўйича жуфтликлар ўртасида Максим Шин ва Амир Милушев тандеми угандалик Соломон Казибве ва Франк Тайибвани 2-0 ҳисобида енгди.

Бугун, 19 июль куни XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида Тахмина Икромова тўпда, ҳалқада, булавада ва тасмада машқ бажариш бўйича финал босқичида медаллар учун рақобатлашади.
Теннис баҳсларининг яккалик беллашувларида Максим Шин иккинчи даврада Жанубий Корея вакили Вунгби Лини синовдан ўтказса, Дарья Шубина франциялик Элиса Робга қарши кортга чиқади. Жуфтликлар ўртасида Сабрина Олимжонова ҳамда Дарья Шубина дуэти ҳиндистонлик Саумя Ронде ва Рутупарна Чоудхури билан тўқнаш келса, М.Шин ва А.Милушев нейтрал теннисчилар Егор Агафанов ва Илья Смакин билан куч синашади.

Мусобақанинг стол тенниси йўналишида Марҳабо Магдиева, Маҳринисо Норқулова, Рўзимуҳаммад Раҳмонов, Шоҳрух Искандаров баҳсларга киришади.
Таэквондо WT бўйича Умиджон Туробов (68 кг), Зуҳра Тожиматова (46 кг) ва Мадина Мирабзалова (57 кг) ўз иштирокини бошлайди. Дарвоқе, брасс усулда 200 метр масофага сузиш баҳсларида ҳамюртимиз Роман Беркович ўз омадини синаб кўради.

Маълумот ўрнида: “Универсиада-2025” мусобақасининг ўтган икки куни якунига кўра, АҚШ делегацияси 5 та олтин, 3 та кумуш, 8 та бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи бўлиб турибди. Жанубий Корея эса 3 та олтин, 4 кумуш ва 2 та бронза билан иккинчи, хитойлик талабалар эса 2 тадан олтин ва бронза ҳамда 4 кумуш медални қўлга киритган ҳолда кучли учликдан жой олган. Нейтрал мақомдаги спортчиларда эса 3 олтин ва 1 бронза медаль бор.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА