Ун ишлаб чиқарувчилар фаолияти қайта кўриб чиқилди
Ун — ҳар бир хонадон дастурхонида бор маҳсулот. Шу боис унинг ишлаб чиқарилиши, сифати ва бозордаги нархи доимо эътиборда.
Айниқса, биржа орқали сотилган буғдойдан ишлаб чиқарилаётган уннинг белгиланган талабларга мувофиқлиги муҳим. Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган навбатдаги хатлов эса соҳада назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди.
Қўмита томонидан берилган топшириққа мувофиқ, биржа савдоларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар, хусусан, буғдой ва уннинг биржа орқали сотилиши, реализация қилиниши ҳамда нарх шаклланишига таъсир этувчи омиллар мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Шу доирада Қўмита Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда Жамғарма томонидан биржа савдолари орқали сотилган буғдойни харид қилган ун ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қайта хатловдан ўтказди.
Ўрганиш жараёнида корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати, донни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, омбор ва сақлаш имкониятлари, шунингдек, мувофиқлик сертификати ҳамда санитария-эпидемиологик хулосаси мавжудлигига эътибор қаратилди.
Хатлов натижасида республикада ун ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган 301 та тадбиркорлик субъекти борлиги аниқланди. Уларнинг 49 таси ўз ишлаб чиқариш қувватига эга эмас, балки давлат шартномалари асосида фаолият юритмоқда. 22 та корхона вақтинча ишламаётган бўлса, 6 тасининг фаолияти тўхтатилган.
Шунингдек, 42 та корхонада мувофиқлик сертификати, 8 тасида эса санитария-эпидемиологик хулоса мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси Жамғарма буғдойини харид қилган корхоналар томонидан ундан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш ва соҳадаги тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш бўйича тегишли инстанцияларга таклифлар киритди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА