Ун ишлаб чиқариш ҳажми кўпаймоқда
Бугун юртимизда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уни аҳолига етказиб бериш ҳар доимгидан долзарб вазифа ҳисобланади.
Бугун юртимизда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уни аҳолига етказиб бериш ҳар доимгидан долзарб вазифа ҳисобланади.
Шу мақсадда “Қашқадарёдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш ҳамда янги қувватларни қуриб ишга тушириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жамиятга 2018 йилда Туркиядан замонавий ишлаб чиқариш ускуналари олиб келиб ўрнатилгач, ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди, маҳсулот сифати янада яхшиланди. 56 ишчи меҳнат қилаётган корхонада бир кунда ўртача 45 тонна ун ишлаб чиқарилмоқда.
Юртимизда эълон қилинган карантин тадбирлари сабабли хўжалик юритувчи субъектлар вақтинча ўз фаолиятини тўхтатгани барчамизга маълум. Лекин шундай синовли кунларда ҳам корхона томонидан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари аҳолига узлуксиз етказиб берилмоқда.
Масалан, ўтган йилнинг биринчи чорагида “Қашқадарёдонмаҳсулотлари” АЖ томонидан 3315 тонна ун ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсатгич 4965 тоннани ташкил этди.
Бугун корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Қарши шаҳар ва Қарши тумани аҳолисига етказиб берилмоқда. Бу жараён давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган.
“Қашқадарёдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бюджетга 2 миллиард 465 миллион сўм солиқларни тўлаб берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни юмшатиш борасида ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Натижада, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти бир меъёрда давом этмоқда. Бу аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.