Улкан пахта кластери барпо этилади
Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ташаббус нафақат чўл ҳудудларини обод қилиш, балки минглаб янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Хитойнинг йирик саноат компанияларидан бири — “Lihua Group”нинг Ўзбекистондаги бош вакили Van Xun Tu бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эришиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Лойиҳага мувофиқ, Шофиркон туманида 20 минг гектар, Ромитан туманида эса 9 минг гектар чўл ерларини ўзлаштириш режалаштирилган. Ушбу ҳудудларда пахтачиликдан тортиб, уни қайта ишлаш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ қиймат занжирини қамраб олувчи замонавий агросаноат кластери ташкил этилади.

Бугунги кунда хитойлик инвесторлар томонидан “Жемчужина Ромитан” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган бўлиб, Ромитан туманидаги “Варахша” чўл массивини ўзлаштириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Инвестиция лойиҳасининг дастлабки босқичида инфратузилмани шакллантириш, ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш ва замонавий суғориш тизимларини жорий этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда мазкур ҳудудда Хитой селекциясига мансуб “Xin Lu Zao-57” пахта нави экилиб, Шинжон тажрибасига асосланган илғор агротехнологиялар амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, плёнка остида етиштириш усули, сувни тежовчи технологиялар ҳамда юқори ҳосилдорликка хизмат қилувчи инновацион агротехник ёндашувлар синовдан ўтказилмоқда. Бу эса ҳосилдорликни ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва маҳсулот сифатини юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Музокаралар давомида лойиҳани ўз вақтида ва самарали амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар муҳокама қилиниб, мавжуд ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш ҳамда замонавий технологияларни Бухоро қишлоқ хўжалигига кенг татбиқ этиш борасида ўзаро манфаатли келишувларга эришдилар.
Бу лойиҳа оддий инвестиция эмас — у Бухоро чўлларини унумдор майдонларга айлантириш, замонавий агросаноат экотизимини шакллантириш ва ҳудуд иқтисодиётига янги суръат бағишлайдиган стратегик ташаббусдир. Энг муҳими, мазкур ҳамкорлик натижасида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ва юзлаб, ҳатто минглаб аҳоли учун барқарор иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат тараққиётининг яна бир ёрқин намунаси сифатида аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири