Бухорода йирик пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилади
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг “Lihua Group” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Тэн Ше И ва компания вакили Ван Хун Ту билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатини ўзаро боғлаган ҳолда ривожлантириш, мавжуд ер ва ресурслардан самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш борасида истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, Хитойнинг “Lihua Group” компанияси билан ҳамкорликда вилоятда пахта етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ технологик занжирни қамраб олувчи йирик кластер ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, саноатни диверсификация қилиш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.
Эришилган келишувга мувофиқ, Шофиркон туманидан 20 минг, Ромитан туманидан эса 9 минг гектар чўл ерларини ўзлаштириш орқали пахтачилик ва тўқимачилик саноатини ягона ишлаб чиқариш тизимига бирлаштириш кўзда тутилган. Бу нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш, балки ҳудудда саноат кооперациясини ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Айни пайтда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда “Жемчужина Ромитан” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган. Жамият томонидан “Қоқиштувон” ҳудудидаги “Эрнафас Хўжаев” массивида жами 2 минг гектар ер майдони ўзлаштирилди. Жорий йилда ушбу майдоннинг 120 гектарида Шинжон технологияси асосида пахта етиштирилди. Бу дастлабки амалий қадам келгусида лойиҳани кенгайтириш ва замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш учун муҳим тажриба вазифасини ўтамоқда.
Келгуси йилда ўзлаштирилган барча ер майдонларида пахта экиш ишларини тўлиқ йўлга қўйиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини тизимли ташкил этиш режалаштирилган.
Учрашувда лойиҳа доирасида аввалги мулоқотларда белгиланган вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, уни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш, мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокама қилинган йўналишлар бўйича масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳанинг босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида бугунга қадар иқтисодий фойдаланишга киритилмаган чўл ҳудудларида янги ер майдонлари ўзлаштирилади. Пахтачиликда сув тежовчи ва илғор технологиялар қўлланилиши, ҳосилдорлик ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилиши учун замин яратилади.
Энг муҳими, лойиҳанинг якуний мақсади фақат пахта етиштириш билан чекланмайди. Етиштирилган хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, янги саноат қувватларини барпо этиш ва экспорт ҳажмини ошириш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Бундай ёндашув қишлоқ хўжалиги ва саноат ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаб, Бухоро вилоятида янги иқтисодий ўсиш нуқталарини шакллантиришга хизмат қилади. Айни жараёнда янги иш ўринлари яратилиши, маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланиши ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири