
Сиз суратда кўриб турган бу болажонларга Даун синдроми ташхиси қўйилган.
Фаришта сифат, беғубор, қалби пок, содда, самимий, доим кулиб турадиган бу болажонларни "қуёш болалари" деб ҳам аташади... Қисмати, тақдири ана шундай битилган, Даун синдроми ташхиси қўйилган бу болажонларнинг келажаги нафақат ота-оналарни, балки бутун бир жамиятни ўйлантирадиган масаладир...
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигида бўлиб ўтган Даун синдроми уюшмаси ва болаларнинг ота-оналари билан учрашувда келажакда Даун синдромига чалинган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўқишига, иш топишига кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ота-оналарнинг сўзларига қулоқ тутилди.
– Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг асосий мақсади – юртимизда истиқомат қилувчи ҳар бир ногиронлиги бўлган шахсни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётини яхшилашга хизмат қилишдир, – дейди агентлик директори А.Иноқов. – Бугунги тадбир ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди. Келгусида Даун синдроми ташхиси қўйилган болаларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда ишлаймиз, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатамиз.
Тадбир сўнгида "Қуёш болалари" ўз қўллари билан ясаган расмларни ташкилотчиларга совға қилишди.
Маълумот учун, ушбу касаллик 1866 йилдa британиялик шифокор Джoн Дaун тoмoнидaн кaшф этилгaн.1959 йили эса француз олими Жером Лежен синдромнинг ирсий келиб чиқишини аниқлаган. Аслида соғлом одам туғилганида унинг организмидаги хромосомалар сони 46 та бўлиши лозим.
Даун синдромида эса умумий хромосомалар сони 47 та бўлади. Касалликнинг келиб чиқиш тарихи ўрганилганда, ҳужaйрaлaрнинг бўлиниш жaрaёнидaги тaсoдифий бузилиш натижасида келиб чиқиши аниқланган. Аксарият ҳолатларда бундай болалар ёши 40 дан ошган оналарда туғилади ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, уларнинг ярми боласидан туғриқхонадаёқ воз кечишади.
Атрофингизда, маҳалла-куйда ана шу синдром билан туғилган болалар борми? Уларга бағрикенг бўлинг. Ширин сўзингизни аяманг. Фарзандларингизга ҳам тушунтирингки, уларни мазах қилиб, устидан кулмасин ёки бирга ўйнашдан бош тортмасин. Зеро, улар ҳам инсон. Улғайгани сари қалби бола бўлиб қолаверадиган, мисли фаришталар...
Моҳигул Қосимова, ЎзА