Учрашув қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтди
Тошкент вилоятидаги Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази фаолияти ҳудудда спортни оммалаштириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда юқори малакали спортчиларни тарбиялашга қаратилган бўлиб, мазкур йўналишда самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Марказ таркибида 104 нафар малакали мураббий, 493 нафар спортчи-ўқувчи ҳамда 104 та спорт гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ўқув-машғулот жараёнлари илғор педагогик ёндашувлар асосида ташкил этилган бўлиб, ҳар бир спортчи билан индивидуал ишлаш механизми жорий қилинган. Бу эса спортчиларнинг иқтидори ва имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

2025 йил якунига кўра, марказ спортчилари томонидан юқори спорт натижалари қайд этилди. Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда кубокларида 33 та, Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларида 29 та, турли даражадаги бошқа мусобақаларда 67 та ютуқ қўлга киритилди. Шу билан бирга, 30 нафар спортчи миллий терма жамоа аъзоси сифатида эътироф этилди, тарбияланувчиларнинг 38 нафари спорт устаси, 260 нафарига эса спорт усталигига номзод унвонлари берилди.
Мазкур спорт марказида шоир, ёзувчи ва санъаткорлар билан ҳам тез-тез учрашувлар ўтказиб турилади. Мана шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Шуҳрат" медали соҳиби, шоир Туроб Ниёз билан ўтказилди. Унда марказ тарбияланувчилари ҳамда мурраббийлар иштирок этишди.

Учрашув давомида Туроб Ниёз иштирокчиларга ўз шеърларидан ўқиб берди, юртимизда таълим-тарбия ҳамда спортга бўлган эътибор, шунингдек, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз юритди, берилган турли мавзудаги саволларга жавоб берди ҳамда янги чиққан китобларидан марказ кутубхонасига совға қилди.
Н. Бозорова, ЎзА