Учрашув ва кенг қамровли тарғибот тадбири ташкил этилди
Ёш авлодни соғлом, билимли, юксак маънавиятли ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўлда спортни кенг оммалаштириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни турли зарарли иллатлардан асрашга қаратилган маънавий-маърифий ва тарғибот ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассисликларига тайёрлаш марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жиззах гарнизонидаги “н” ҳарбий қисм, Жиззах ҳарбий прокуратураси, Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Спорт бошқармаси ҳамкорлигида “Чемпион ва ёшлар” мавзусида мотивацион учрашув, шунингдек, “Оқ йўл — билим, маънавият ва спорт, қора йўл — гиёҳвандлик” шиори остида кенг қамровли тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, бокс бўйича Осиё чемпиони ва Олимпия ўйинлари ғолиби капитан Бобоусмон Ботуров, Армия ўйинлари ғолиби, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси иккинчи даражали сержант Бегзод Исматов, бокс бўйича Ўзбекистон чемпионлари Аббосбек Набиев, Шаҳзодбек Умаров, Иброҳим Эргашев ҳамда қўл жанги бўйича икки карра жаҳон чемпиони Мафтуна Қувондиқовалар иштирок этишди.
Учрашув давомида чемпионлар спортдаги машаққатли йўли, эришган ютуқлари ва муваффақият ортида турган сабот, меҳнат ҳамда қатъият ҳақида самимий мулоҳазалар билдиришди. Улар ҳар қандай юксак натижа изчил меҳнат, интилиш ва ўз устида тинимсиз ишлаш орқали қўлга киритилишини таъкидлашиб, ёшларни аниқ мақсад сари интилишга, спорт билан мунтазам шуғулланишга ва иродали бўлишга чақиришди.
Айниқса, ёш ҳарбий хизматчилар билан бўлиб ўтган мулоқотларда ҳарбий касбнинг шарафи ва масъулияти, Ватанга садоқат, интизом, жасорат ҳамда фидойилик каби юксак фазилатлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Бундай учрашувлар ёшларда миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуси ва юксак фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми “Оқ йўл — билим, маънавият ва спорт, қора йўл — гиёҳвандлик” мавзусига бағишланди. Мутахассислар гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, оила фаровонлиги ва жамият тараққиётига етказадиган оғир оқибатлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, мазкур иллатнинг ёшлар келажагига салбий таъсири, ҳуқуқий оқибатлари ҳамда унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
[gallery-30344]
Учрашувда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, мунтазам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани таъкидланди.
Қизғин савол-жавоблар руҳида кечган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга чемпионлар, ҳарбийлар ва соҳа мутахассисларидан атрофлича жавоблар олишди.
Мамлакатимизда ана шундай маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирларининг изчил ташкил этилаётгани ёшларни зарарли иллатлар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш ҳамда Ватан тараққиётига дахлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари