Учқудуқда Наврўз айёми давом этмоқда
Наврўз халқимизнинг асрлар давомида сайқалланган, инсонпарварлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини ўзида мужассам этган улуғ айёмидир. Бу байрам нафақат табиатнинг уйғониши, балки қалбларнинг ҳам янгиланиши, эзгулик ва меҳр-оқибатнинг юксалишини англатади. Шу боисдан Наврўз йиллар давомида юртимизда кенг нишонланиб, халқимизни бирлаштириб келмоқда.
Жорий йилда ҳам Учқудуқ шаҳрида жойлашган Шимолий кон бошқармасида Наврўз байрами юқори кайфият ва кўтаринки руҳда “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида нишонланди.

– Корхонамизда қарийб 15 мингга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилади, – дейди 22-сонли касаба уюшмаси раиси Мурод Исоқов. – Ҳозирда ҳар бир бўлим ва бўлинмаларда байрам шукуҳи давом этмоқда. Тадбирда жамоалар томонидан тайёрланган миллий таомлар кўргазмаси, шунингдек, халқ ўйинлари – ланка тепиш, тош кўтариш, лапар айтиш каби беллашувлар байрамга янада файз бағишлади. Миллий куй-қўшиқлар эса тадбир иштирокчиларига ўзгача завқ ва руҳий кўтаринкилик улашди. Дошқозонларда ош дамланди.

Тадбир сўнггида энг фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА