Юртимизда Наврўз шукуҳи давом этмоқда
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан кенг кўламли байрам тадбири ташкил этилди. Унда маҳалла аҳли, фаол хотин-қизлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида улкан қадамлар ташланмоқда. Буларнинг барчаси қадимий тарих ва анъаналарга эга бўлган шарқона янги йил байрами – Наврўзи оламнинг инсонпарварлик моҳияти, унинг бағрикенглик, саховат ва меҳр-оқибат каби азалий қадриятлари аҳамиятини янада юксалтирмоқда.

Ташкил этилган ушбу сайлда ҳам миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва ёш авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тажрибали бувижонлар набиралари билан биргаликда миллий таомлар тайёрлаб, уларнинг пишириш сир-асрорларини ўргатди. Шунингдек, тадбир доирасида ижро этилган дилрабо қўшиқлар ва шўх рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Ёшлар ўртасида ўтказилган миллий халқ ўйинлари эса байрам завқини янада ошириб, анъаналаримизга бўлган қизиқишни мустаҳкамлади.

Мазкур байрам тадбири Наврўзнинг асл моҳияти — бирдамлик, саховат ва аждодлар меросига садоқат ғояларини яна бир бор ёрқин намоён этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА