
Сербияда шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Қувонарлиси, чемпионатнинг умумий натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, “FIDE World School Chess Championships – 2025” мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 13 ёшгача қизлар ўртасида Сарвиноз Бегмуратова олтин медалга сазовор бўлди. У 9 турда 7,5 очко тўплаб, бирорта ҳам баҳсда мағлуб бўлмади.

Шунингдек, Сарвиноз ушбу муваффақияти натижасида “FIDE Women FIDE Master” (WFM) унвонини олди. Мазкур ёшдаги ўғил болалар орасида Билолиддин Обидов кумуш медаль соҳибига айланди.

15 ёшгача қизлар ўртасида Нилуфар Имомқўзиева Сербия, Руминия, Ҳиндистон, Куба ва Грузиядан келган кучли шахматчиларни мағлубиятга учратиб, терма жамоамиз ҳисобига иккинчи олтин медални келтирди.
9 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Нурмуҳаммад Неъматуллахонов чемпионга айланди.

Ушбу ёш тоифасидаги қизлар баҳсида Мадинабону Асадова учинчи ўриндан жой олди. 7 ёшгача қизлар ўртасида Моҳинур Аъзамхўжаева кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, 17 ёш тоифасида Хондамир Элмирзаев шоҳсупанинг учинчи поғонасида қайд этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА