“U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури жорий этилади
“Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, “U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури жорий этилади ва унинг доирасида олий таълим ташкилотларига миллий тадқиқот университети мақомини бериш йўлга қўйилади.
Миллий тадқиқот университети мақоми давлат илмий дастурлари доирасида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий кластер ташкил этиш лойиҳаси бўйича ўтказиладиган танловда ғолиб бўлган 10 та олий таълим ташкилотига берилади.
2027 йил 1 январдан олий таълим ташкилотлари миллий рейтинги натижаларига кўра молиявий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Миллий рейтинг натижаларига кўра, ҳар бир тоифа гуруҳига мансуб олий таълим ташкилотларининг 20 фоизи 1-даражага, 40 фоиздан 2- ва 3-даражаларга киритилади.
2027 йил 1 январдан давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган 1 нафар талабани ўқитиш харажатлари миқдорини қуйидаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб шакллантириш тартиби жорий этилади:
- 1 нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган ўртача талабалар сони нисбати;
- таълим соҳаси мураккаблиги, шу жумладан, таълим йўналишлари (ихтисосликлар) учун талаб этиладиган моддий-техник база;
- таълим соҳаси олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг устувор соҳаларига мослиги;
- олий таълим ташкилотининг мақоми ва (ёки) тоифасига кўра илмий тадқиқотга йўналтирилганлиги ва бошқалар.
ЎзА