Ўзбекистонда "U10 - Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари" дастури жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, олий таълим, фан ва инновациялар тизими "5Т-таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш" тамойили асосида ривожлантирилади, шунингдек, юқори салоҳиятли олий таълим ташкилотлари халқаро миқёсида рақобатбардош ва иқтидорли ёшлар учун илмий-интеллектуал марказларга айлантирилади.
Фармонга кўра, "U10 - Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари" дастури жорий этилади ва унинг доирасида олий таълим ташкилотларига миллий тадқиқот университети мақомини бериш йўлга қўйилади.
Миллий тадқиқот университети мақоми давлат илмий дастурлари доирасида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий кластер ташкил этиш лойиҳаси бўйича ўтказиладиган танловда ғолиб бўлган 10 та олий таълим ташкилотига берилади.
Илмий кластер лойиҳаси миллий тадқиқот университети - маҳаллий олий таълим ташкилотлари - нуфузли хорижий олий таълим ташкилоти - илмий ташкилот-соҳа ташкилотлари иштирокидаги яхлит тизим ҳисобланади.
Илмий кластер лойиҳаси Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида амалга оширилади ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 150 миллиард сўмгача бўлган миқдорда молиялаштирилади.
Миллий тадқиқот университети мақомини олишга талабгор олий таълим ташкилоти илмий кластер лойиҳасида биргаликда иштирок этувчи ҳамкор ташкилотларини мустақил равишда шакллантиради.
Илмий кластер лойиҳаси бўйича танлов иштирокчилари қуйидаги йўналишларда баҳоланади:
илмий кластер лойиҳасига жалб этилган профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчи олимларнинг салоҳияти;
маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотларининг мос равишда олий таълим ташкилотлари миллий ва халқаро миқёсда тан олинган рейтингларидаги ўрни;
олий таълим (илмий) ташкилотларининг илмий салоҳияти ва моддий-техника инфратузилмаси;
иштирокчи ташкилотларнинг илмий кластер лойиҳасини биргаликда молиялаштиришдаги улуши.
Илмий кластер лойиҳаси бўйича танлов таълим соҳасида нуфузли ҳисобланган хорижий ташкилот ва (ёки) халқаро миқёсда тан олинган рейтингларда энг юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилоти билан биргаликда ўтказилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб олий таълим ташкилотлари миллий рейтинги натижаларига кўра молиявий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Миллий рейтинг олий таълим ташкилотлари талабалари сони устувор бўлган йўналишлар бўйича тоифа гуруҳларига ажратилган ҳолда юритилади.
Миллий рейтинг доирасида олий таълим ташкилотлари академик, илмий ва халқаро фаолияти, рақамлаштириш даражаси ва битирувчилар бандлиги кўрсаткичлари бўйича баҳоланади.
Миллий рейтинг натижаларига кўра, ҳар бир тоифа гуруҳига мансуб олий таълим ташкилотларининг 20 фоизи 1-даражага, 40 фоиздан 2- ва 3-даражаларга киритилади.
Миллий рейтингни юритиш тартиби ҳамда баҳолаш йўналишларининг мезонлари ва индикаторлари Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан белгиланади.
ЎзА