Туркманистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Давлат тасвирий санъат музейида туркман рассомлари асарлари намойиш этилмоқда. Бу ҳақда "InfoAbad" хабар қилди.
Кўргазма марказидан жой олган Жумамурат Қурбоновнинг “Байрам куни” триптихи орқали муаллиф кечки Ашхободда сайр қилаётган ёшлар юзидаги қувончни кўрсатишга муваффақ бўлган. Ранг-баранг неон ёритгичлар нуридан товланаётган маҳобатли бинолар пойтахт манзарасига ўзгача чирой қўшган. Бахтиёр ёшлар, кенг йўл бўйлаб ҳаракатланаётган замонавий машиналар, шаҳарнинг ўзига хос меъморий намунаси - бари ёрқин ва ранг-баранг.
Туркманистон мустақиллигининг 33 йиллиги яна бир муҳим сана – Буюк Маҳтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига тўғри келди. Кўпчилик ижодкорлар ўз асарларида шу икки мавзуни уйғунлаштирган.
Давлат Бадиий академияси талабаларининг жамоавий иши - “Мен кутган кунлар келди” монументал картинаси муаллифлари Павел Анаховский, Айна Отамуродова, Жемал Боймуродова ва Оғулай Ҳайдарова буюк адибнинг улуғвор сиймоси фонида Арқадағ шаҳрини тасвирлаган. Шу тариқа шоирнинг орзуси ва бугунги туркманлар ҳаёти мувофиқлаштирилган. Кўргазма мазмунини Ахалтек отлари таскири, замондошлар портретлари, она-юрт ифодаси, Маҳтумқули шеърларига иллюстрациялар ҳам бойитган.