Туркиялик олимлар термизийларни излаб келди
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази буюк термизий алломалар илмий меросини чуқур ўрганиб, дунёга кенг тарғиб қиладиган илм-маърифат масканига айланди.
Марказга сайёрамизнинг турли давлатларидан исломшунос олимлар, илмий тадқиқотчилар ва сайёҳлар келиб, бу ерда термизий алломалар асарларини тадқиқ учун яратилган шароитларни кўздан кечирмоқда. Улуғ аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этиш юзасидан олиб борилаётган эзгу ишлар билан яқиндан танишмоқда.

Марказ мамлакатимизга сафар қилган Туркиянинг Анқара ижтимоий фанлар университети исломшунослик факультети профессори, доктор Селчук Жошқун ва доцент, доктор Ҳасан Сўзенманда ҳам бой таассурот уйғотди.

Марказ директори Музаффархон Жониев меҳмонларни илмий-тадқиқот масканида термизий алломалар ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиб, илмий меросини ўқувчиларига етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирди. Марказ олимлари аниқлаган 226 нафар термизий алломалар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар туркиялик исломшуносларда катта қизиқиш уйғотди.
Меҳмонлар учун Имом Термизий ва термизий алломалар меросига бағишланган 80 дан ортиқ китоб ва рисола тақдимоти ўтказилди.

Учрашувда буюк Термизий алломаларнинг илмий меросини халқаро миқёсда кенг тадқиқ этишга, хорижлик олимлар билан илмий ҳамкорликни янада кенгайтириб, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири