Турк олимаси Европа архивларидаги «йўқолган» Темурийлар меросининг изидан бормоқда
Европа архивларида узоқ йиллар давомида «йўқолган» деб ҳисобланган Темурийлар даврига оид ноёб қўлёзмалар ва тарихий ёдгорликлар илмий жиҳатдан аниқланмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКОнинг Маданий дипломатия кафедраси раиси, профессор Селин Шеножак маълум қилди.
Олима ўзи раҳбарлик қилаётган «Аждодлар изидан» лойиҳаси доирасида Оксфорд, Эдинбург, Париж, Берлин ва Вена шаҳарларидаги архивларда XIV–XV асрларга оид Темурийлар даврининг муҳим ёдгорликлари изига тушилганини билдирди. Унинг таъкидлашича, мазкур асарлар нафақат тарихий ҳужжатлар, балки Туркистон маданий ва маънавий хотирасининг ажралмас бўлакларидир.
Шеножакнинг таъкидлашича, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Темурийлар даврини қайта ўрганишга қаратилган изчил сиёсати ушбу тадқиқотларга кучли туртки бермоқда
– Биз Ўзбекистон тарихи фақат ўз ҳудудида эмас, балки Европадаги кўплаб кутубхоналарда тарқоқ ҳолда мавжуд эканини кўрмоқдамиз. Бу ерда гап юзлаб эмас, ўн минглаб китоб ва қўлёзмалар ҳақида кетмоқда, – дейди олима.
Маълум қилинишича, Амир Темурнинг «Тузукоти Темурий» асари ҳамда Алишер Навоийнинг чиғатой тилида ёзилган илк девонлари Оксфорд ва Берлиндаги нуфузли муассасаларда сақланмоқда. Шунингдек, илк мусулмон турк ҳукмдори Сотуқ Буғрохоннинг Ислом динини қабул қилиши ҳақида ҳикоя қилувчи достон ҳам Европа архивларида мавжуд. Бу асарлар ўтмишда Россия империяси ва Совет Иттифоқи даврида Туркистондан олиб чиқиб кетилган.
Олиманинг айтишича, сўнгги йилларда Европанинг айрим университетларида ўзбек тили ва чиғатой тили бўйича дастурлар очилмоқда. Европа давлатлари ўз архивларидаги ушбу хазинани энди тан олмоқда. 2025 йилда бошланган инвентаризация ишлари доирасида турли кутубхоналарда сақланаётган қарийб мингта асар рўйхатга олинган. Лойиҳанинг якуний мақсади эса ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан ҳамкорликда «Рақамли Туркистон кутубхонаси»ни яратишдан иборат.
Францияда туғилган ва илдизлари 1862 йилда Бухородан кўчиб кетган Шайх Шокир Афандига (катта бобосига) бориб тақаладиган Селин Шеножак учун бу тадқиқотлар алоҳида аҳамиятга эга.
– Мен олиб бораётган ҳар бир тадқиқот катта бобомнинг амалга ошмай қолган орзуси йўлидаги қадамдир. Бобомнинг ушалмай қолган орзуларини амалга ошириш менинг қарзим. Ўзбекистон мен учун бегона юрт эмас, аждодларим яшаган диёр, Ватандир, — дейди Селин Шеножак.
ЎзА