Туркиялик мутахассислар билан ҳамкорлик
Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ҳамда Туркиянинг "Yeni Kazan Inshaat" қурилиш фирмаси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Президентимиз ташаббуси билан 2020 йилда ташкил этилган Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида айни кунда иқтисод, қурилиш, молия, банк иши, архитектура ва бошқ ихтисосликлар бўйича 750 нафар талаба таҳсил олмоқда. Қурилиш соҳасида мутахассисларнинг юқори малакага эга бўлишларида назарий билимлар ва амилиёт уйғунлиги муҳим аҳамият касб этади. Ана шундан келиб чиқиб институт раҳбарияти мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Туркиянинг "Yeni Kazan Inshaat" қурилиш фирмаси билан ҳамкорлик меморандиумини имзолади.
Ҳамкорлик доирасида институтда қурилиш йўналишида таҳсил олаётган талабалар ёзги ва қишки амалиётни Туркия фирмаси томонидан олиб борилаётган қурилиш объектларида ўтказади, фирманинг малакали мутахассислари институтда талабаларга дарс беради, ўқитувчиларнинг малакасини оширишга, институт кутубхонасини соҳага оид адабиётлар билан бойитишга кўмаклашади.
[gallery-6098]
Шунингдек, ҳамкорликни илк қадами сифатида институтнинг қурилиш йўналиши талабалари, профессор-ўқитувчилари «Янги Андижон» шаҳарида "Yeni Kazan Inshaat" қурилиш фирмаси томонидан илғор технологиялар асосида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар қурилиши жараёни билан яқиндан танишди.
– Мазкур ҳамкорлик талабаларнинг назарий билимларини амалиётга татбиқ этиш, қурилиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганишларига яқиндан ёрдам беради, – дейди Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ректори Нозимжон Тўйчибоев. – Асосийси, малакали мутахсссислар тайёрлаш борасидаги ишларимизни янада юқори босқичга кўтаради.
“Янги Андижон” шаҳрида туркиялик мутахассислар билан учрашувда ўқитувчи ва талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА