Туркиялик инвесторлар Янги Тошкент ва инфратузилма лойиҳаларига жалб этилади
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этмоқда.
Йиғилишда қишлоқ хўжалигидаги шерикликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Туркиянинг аграр соҳадаги тажрибасини ҳисобга олиб, органик минерал ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар барпо этиш, боғдорчилик, сув тежовчи технологиялар ҳамда совиткич омборлари йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш таклиф этилди.
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва йирик чакана савдо тармоқлари орқали етиштиришдан истеъмолчига етказиб беришгача бўлган ягона қиймат занжирини шакллантиришдан манфаатдор.
Президентимиз туркиялик инвесторларни Янги Тошкент қурилиши ва мамлакатимиздаги йирик инфратузилма лойиҳаларида фаол иштирок этишга чақирди. Турк компанияларига янги шаҳарда тижорат ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасаларини барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф қилинди.
Шу билан бирга, пуллик автомобиль йўллари, аэропортлар ва логистика марказларини ривожлантириш транспорт соҳасидаги истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилди.
ЎзА