Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Шу даврда қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 гигаваттга, уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида барпо этиладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига ҳам йўналтирилади.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари турк компанияларини тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва "яшил" энергетикада янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.
Ўзбекистон – Туркия иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири электротехника саноатидаги кооперацияни кенгайтиришдир.
2030 йилга қадар мамлакатимизда ушбу тармоқ экспортини 5 миллиард долларга етказиш ва 11,6 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.
Туркия компаниялари мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқаришда ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга таклиф этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этмоқда.
ЎзА