Болалар ва ёшлар учун янги ижод маскани
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида замонавий 5-сонли “Юлдуз” маданият маркази ҳамда 120 ўринли мусиқа ва санъатга ихтисослашган хусусий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Солиҳов, маданият вазири Озодбек Назарбеков, соҳа ходимлари ҳамда маҳалла вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда маданият ва санъатни халқимизга янада яқинлаштириш, болалар ва ёшларни ижодга кенг жалб этиш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини эрта ёшдан аниқлаш ҳамда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарори билан маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида амалга оширилган янги лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилди. Лойиҳа доирасида умумий майдони 255 квадрат метр бўлган замонавий маданият маркази ҳамда 120 ўринли мусиқа ва санъатга ихтисослашган хусусий мактабгача таълим муассасаси барпо этилди.

Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 37 та янги иш ўрни яратилди. Янги маданият марказида болалар ва ёшларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида рақс, миллий чолғу асбоблари, тасвирий санъат ва мусиқа йўналишларида тўгараклар ташкил этилади. Машғулотлар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, марказ замонавий жиҳозлар ва мусиқа чолғулари билан таъминланган.
Шунингдек, 120 ўринли мусиқа ва санъатга ихтисослашган мактабгача таълим муассасаси болажонларни илк ёшдан санъат ва мусиқа муҳитида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини эрта аниқлаш ҳамда ривожлантириш учун имконият яратади.

Янги маскан мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилиши мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш, аҳолига маданий хизматларни янада яқинлаштириш, ёш авлоднинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом этаётганининг амалий ифодасидир.
“Юлдуз” маданият маркази маҳалла аҳолиси, айниқса, болалар ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни маданият ва санъатга кенг жалб қилиш ҳамда янги истеъдодларни кашф этишда муҳим масканга айланиши шубҳасиз.

Мазкур лойиҳа давлат ва хусусий сектор ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг яна бир намунаси бўлиб, замонавий маданий инфратузилмани ривожлантириш, маданият ва санъат соҳасида хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА