Туркий давлатлар Даун синдромли спортчилари ўртасидаги V халқаро енгил атлетика чемпионати ўтказилди
Пойтахтимизда Туркий давлатлар Даун синдромли спортчилари ўртасида ўтказилган V халқаро енгил атлетика чемпионати ҳамда унинг доирасида ташкил этилган икки кунлик ўқув-амалий семинар-тренинг матонат ва ирода соҳиби бўлган ёшларга бир олам спорт завқини тортиқ этди.
Ўқув-амалий семинар-тренингда 70 нафар мураббий ва ўқитувчи иштирок этиб, назарий ва амалий машғулотларда қатнашди. Семинар якунида тингловчиларга халқаро намунадаги сертификатлар топширилди.
Тадбир доирасида Туркиянинг TOSSFID, Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети Тошкент филиали ҳамда Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш институти ўртасида Даун синдромли спортчилар мураббийларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича уч томонлама меморандум имзоланди.

Ўзбекистон адаптив спорт ташкилотларининг мутасаддилари, Туркия Махсус спортчилар федерацияси президенти Бирол Айдин, Қирғизистоннинг Ўш шаҳри Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари Мурат Омошов иштирок этган мазкур чемпионатда 130 нафар матонат соҳиблари ўзаро рақобатлашди.

Мусобақа давомида спортчилар 100, 200 ва 400 метрга югуриш, тўп улоқтириш, узунликка сакраш ҳамда найза улоқтириш каби спорт турлари бўйича беллашди.
Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундай мусобақалар махсус спортчиларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, спорт орқали жамиятга интеграциясини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА