Туризмнинг янги йўналишларига эътибор ортмоқда
Президент топшириғи– амалда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳаси жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Айниқса, тарихий шаҳарларимиздаги кўрсаткичлар кун сайин юқорилаяпти. Мисол учун, Бухоро вилоятига жорий йилнинг ўтган даврида 650 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюриб, уларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти 160 миллион АҚШ долларидан ошди. Бу борада ўтган йилнинг мос
даврига нисбатан 120,8 фоизга ўсиш кузатилди. Шу билан бирга, республика ҳудудларидан Бухорога 1 миллион 859 минг 400 нафар маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрди. 2024 йилнинг 6 ойида соҳада 5800 нафар янги иш ўрни ташкил этилди. Умумий қўшиб ҳисоблаганда қарийб 58,5 минг нафар аҳоли айнан туризм соҳасида фаолият юритмоқда. Жорий йил якунига қадар вилоятга 3,5 миллион нафар маҳаллий ва 1,5 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда. Бу билан туризм хизматлари экпорти ҳажми 410 миллион долларга ёки ўтган йилга нисбатан 120 фоизга оширилади.
Президентимиз 2023 йил 18 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун шароитларни янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш соҳаларини таҳлил қилар экан, булар қатори ва туризмни янада ривожлантириш бўйича ҳам навбатдаги вазифаларни белгилаб берди. Бу бўйича бошланган ишлар ҳам бугун вилоятнинг имкониятларини янада оширмоқда.
–Берилган имтиёзлардан келиб чиқиб, ўтган йилда Бухорога 1 миллион 300 нафар хорижий сайёҳ келган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 650 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди, –дейди Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобир Тўқсонов. –Маҳаллий сайёҳлар сони икки миллиондан ошди. Бу кўрсаткичлар йилдан- йилга ортмоқда. Шунинг ҳисобига туризм инфратузилма объектлари сони кўпайиб бормоқда. Меҳмонхона хўжаликлари, хостеллар ёки бошқа жойлаштириш воситалари сони ортмоқда. Мазкур тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар шуни кўрсатадики, кўпроқ сайёҳларни юртимизга жалб қилиш, бошқа туризм объектларини ташкил этишимиз керак. Президентимизнинг 2023 йил 18 декабрдаги видеоселекторда берган топшириқлари ижросини таъминлашда ҳеч муболағасиз, жорий йил 18 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳам жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-18692]
Мазкур фармон билан ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператорларнинг хорижий сайёҳларни Ўзбекистон Республикасига олиб келиши билан боғлиқ харажатлар учун, яъни бевосита “Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари эквалентида, миллий валютада 14 фоизлик ставкада бевосита кредит линияси очилади. Кредит линияси 2 йиллик имтиёзли муддатда 10 йилга берилади.Бунга тадбиркорлик субъектларига бевосита туризм соҳасини кенгроқ кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида бериладиган имтиёзлардан бири сифатида қараш мумкин.
Шу ўринда бир мисол. 2023 йил якуни билан вилоятда 142 та туристик ташкилот мавжуд бўлса, Президентимизнинг видеоселекторда туризм соҳаси вакиллари учун яратиб берган имкониятлари натижасида бугун улар сони 170 тага яқинлашди. Бу рақамлар йил якунига бориб 200 тага етиши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларга мувофиқ, жорий йил сўнггига қадар Бухорода 60 та янги меҳмонхона фаолият бошлайди. Натижада жами 600 та меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 15200 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.
Фармон билан эса туризм инфратузилмаси ҳам яхшиланмоқда.
Давлатимиз раҳбари Бухорода янги туризм тармоқларини ташкил қилиш бўйича ҳам алоҳида топшириқ берган эди. Хусусан, Бухорога ташриф чоғида вилоятнинг туризм имкониятлари хусусида тўхталар экан, эндиликда хорижлик меҳмонлар сонини 5 миллионга етказиш борасида алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, соҳа ривожи учун қўшимча 100 миллион доллар ажратилиши Бухоро иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очди. Бу билан ҳозир минтақанинг ноёб гавҳари саналган Жайрон питомнигида экотуризмни янада ривожлантириш борасидаги ишлар янада жадаллашди.
–Сайёҳ учун, энг аввало, инфратузилма керак бўлади, –дейди илмий ходим Жаҳонгир Шарипов. –Албатта, чўл бағрига саёҳат қилмоқчи бўлган ҳар қандай сайёҳ учун дам олиш жойлари, айни шу маънода ҳудудда бугун ташриф маркази барпо этилган бўлиб, 20 дан ортиқ сайёҳни қабул қилишга мослаштирилган замонавий меҳмонхона, шунингдек музей, ҳамда йиғилишлар ўтказадиган заллар мавжуд. Сайёҳларимизга ҳудуд бўйлаб саёҳат қилиш имконияти яратилади.
Ўзбекистон экотуризм соҳаларини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга бўлган питомник, географик ва табиий жойлашуви жиҳатдан ҳам экологик туризмни ривожлантириш учун қулай манзил ҳисобланади. Бугун бу жойда набодот ва ҳайвонот оламининг ноёб турлари кўпайтирилаётгани ҳам сайёҳларни ўзига кенгроқ жалб қилиши аниқ.
–Жайрон питомнигининг асосий вазифаси Ўзбекистон ҳудудидаги ноёб туёқли ҳайвонларнинг турларини Қизилқум чўли орқали тарқатишдир, –-дейди Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги директори ўринбосари Дилшод Турсунов.
–Ҳайвонлар бор жойда ўсимлик дунёси, қушлар, судралиб юрувчилар, сувлик жойларда балиқлар ҳам учрайди. Илмий изланишлар натижасида Қизилқум чўлида 18 турдаги судралиб юрувчилар, питомникдаги кўлларда 12 турдаги балиқлар, сут эмизувчиларининг 32 тури бор. Мавсум ёки йил давомида учиб юрувчи қушларнинг 257 та тури доимий аниқланган.
Шу ўринда яна бир маълумот. Ўзбекистон 121 давлатни ўз ичига олган халқаро индексда дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлар рейтингида 1-ўринни эгаллади. Бу ҳам Бухорода бошланган ишлар кўламини янада кенгайтириш учун катта аҳамиятга эга.
Одатда Бухоро йилнинг маълум бир даврида, яна ҳам аниқроқ айтганда, баҳор ва куз мавсумидагина сайёҳларга хизмат кўрсатувчи шаҳарлар қаторига кирар эди. Бугун қишнинг қаҳратони ҳам, ёзнинг саратони ҳам қадим кентга келувчиларни ўз фикридан қайтара олмаяпти. Буларнинг бари юртимизда меҳмонларга тақдим қилинаётган кенг кўламдаги имкониятлар натижаси, десак муболаға эмас.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари