Дунё тажрибаси туризм иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири эканлигини кўрсатмоқда.
Аксарият мамлакатлар, хусусан, иқтисодий ўтиш давридагилар учун туризмни ривожлантириш миллий даромадни диверсификация қилиш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантиришнинг муҳим воситасига айланмоқда.
Туризмнинг ривожланиши хорижий валюта оқими, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда кичик ва ўрта бизнес соҳасининг кенгайиши ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсишига хизмат қилади. Туризм туфайли инфратузилма ривожланади, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади. Хорижий тиллар ва миллий меросни билиш орқали аҳолининг маданий саводхонлиги юксалади. Туризм маданий анъаналар ва ҳунармандчиликни сақлашга ёрдам бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Мамлакатнинг чет эллик сайёҳлар учун нечоғлик жозибадорлигини кўрган аҳолида ўз юртига бўлган қизиқиш янада ортади.
Туризмнинг фаол ривожланиши мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш ва маданиятлараро алоқаларни яхшилашга ёрдам бериши билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, жамиятнинг экологик хабардорлигини оширади ва табиат неъматларидан барқарор фойдаланишга имкон беради. Буни миллий боғлар, қўриқхоналарни яратиш ва экотуризмни ривожлантириш мисолида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда туризм ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан ўрин олган шаҳарлар кўз олдимизга келади. Юртимиздаги ҳар бир шаҳарни бориб кўриш учун юзлаб сабаб топиш мумкин. Тошкент, Қўқон, Андижон, Шаҳрисабз — бу охири йўқ замонавий шарқ эртаги.
Туризмнинг ривожланиши Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ғояларига ҳамоҳангдир. Туризм инсоннинг қизиқувчанлигини қондириб, унинг маънавий дунёсини бойитади, жисмонан соғломлаштиради, дам олиш ва янги тажриба орттириш жараёнини уйғунлаштириш имконини беради.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм хизматлари экспорти 1,6 баробарга ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етгани таъкидланди. Ушбу соҳада 2 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.
Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланяпти. Жумладан, сўнгги саккиз йилда туризм соҳасига 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилди. Мамлакатда 20 та туризм қишлоғи фаолият кўрсатяпти. Бўстонлиқ туманида “Amirsoy”, “Ugam River” курортлари, туризм зоналари ташкил этилди. Паркент туманидаги “Олтин бел” чўққисида янги халқаро тоғ-чанғи зонаси барпо этиляпти. Буларнинг барчаси, жумладан, мамлакатимизнинг тарихи, маданияти ва бой табиати сайёҳлар келишини 2-3 карра кўпайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ дарвозаси” мажмуаси туризмни ривожлантириш учун истиқболли масканлардан бири ҳисобланади. Яна бир лойиҳа Яшнобод туманида океанариум қуришга қаратилган. Янги сайёҳлик объекти 20 гектар майдонни эгаллайди. Унинг ёнида савдо-меҳмонхона мажмуасини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу 1,6 мингта иш ўрни яратиш имконини беради. Шу билан бирга, Чорвоқ сув омбори қирғоғида 10 та кичик зоналарга бўлинган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро сайёҳлик марказини қуриш режалаштирилмоқда. Уларнинг ҳар бири бир қадам масофада жойлашган дам олиш масканлари ва зарур хизматларни ўз ичига олади. Давлатимиз раҳбари марказ барча ташриф буюрувчилар учун қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, барча зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатда ички туризм жадал ривожланмоқда. Маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллион кишига етди. Лекин ҳалигача бошқа вилоятларга саёҳатга бормаганлар кўп топилади. Шу боис энди ҳар ойнинг бир шанба-якшанбаси “оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни”, деб эълон қилинади. Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлланмаси совға қилинади.
Бунда соҳага хусусий секторни жалб қилиш ва бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, маданий мерос объектларини ижарага бериш механизмини такомиллаштириш ва улардан тушадиган даромад ҳисобини рақамлаштириш бўйича масалаларни ҳал этиш муҳим. Барча тарихий обидаларга кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилиш мавзуси жуда қизиқ.
Давлатимиз раҳбари туризмнинг яна бир устувор йўналиши сифатида маданий мерос объектлари билан ишлаш эканлигини кўрсатиб ўтди. Ўзбекистон маданияти Марказий Осиё халқларининг кўп асрлик анъаналари ва турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ бўлган бой тарихга эга. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўз ҳудудида кўплаб меъморий обидалар, қадимий қалъа ва қасрлар, ноёб табиат ёдгорликларини, фольклор элементларини жамлаган. Сўнгги тўрт йилда 327 та мажмуа реставрация ва консервация қилинди яна 485 объект қайта таъмирга муҳтож.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон туризмни жадал ривожлантираётгани ва бу ишни давом эттиришга қатъий интилишидан далолат беради. Мамлакатда барқарор ижтимоий-иқтисодий муҳит яратилган, меҳмонларнинг чегарадан ўтишида маъмурий тўсиқлар йўқ.
Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва ижтимоий трансформациясида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи туризм йўналиши сифатидаги мавқейини мустаҳкамлайди.
Н. Рашидова,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.