
Президентимизнинг 30 март – 1 апрель кунлари Тожикистон Республикасига амалий ташрифи доирасида Хўжанд шаҳрида “Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон минтақавий диалоги” мавзусидаги туризм тадбири бўлиб ўтди.
Асосий мақсад давлатлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ташаббусларни шакллантириш ва соҳада фаолият юритаётган компанияларга турли масалалар учун қулай шароит яратишдан иборатдир.

Қўшни давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда туристик оқимни ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Тошкент вилояти Туризм бошқармаси ходимлари ҳамда вилоятда туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлардан иборат делегация ҳам иштирок этди.

Улар қўшни мамлакатлардан келган меҳмонлар, соҳа мутахассислари ва экспертларга Тошкент вилоятининг туризм соҳасида эришган ютуқлари, келажакдаги режалар ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан тақдимотлар ўтказди. Мутахассислар таъкидлашича, Тошкент вилоятида туризм тармоқларида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижлик инвесторларнинг қизиқиши ортмоқда. Хусусан, ўтган йил Паркент туманига Тожикистоннинг Суғд вилояти ҳамда Қирғиз Республикасининг Ўш вилоятлари туризм соҳаси расмийлари ва тадбиркорлар келган эди.

Ўзаро мулоқотлар давомида Тошкент вилояти ва қўшни давлатлар вакиллари ўртасида доимий ҳамкорлик қилиш бўйича 30 га яқин шартнома ва меморандумлар имзоланган. Жорий йил Паркент туманига жами 176,9 минг нафар хорижий сайёҳларни жалб этиш режалаштирилган. Хўжанд шаҳрида ташкил этилган туризм форуми ҳам мамлакатлар орасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айниқса, В2В ва В2G форматлардаги учрашувларда келгусидаги ҳамкорлик режалари кўриб чиқилди. Биринчи галда Тошкент вилоятига қўшни мамлакатлардан ташриф буюраётган сайёҳлар сонини ошириш, уларга туризм хизматларини кўрсатиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
А.Мусаев, ЎзА