Туризм ривожи – тараққиёт омили
Бугун жадаллик билан кечаётган рақамлашув жараёни “янги иқтисодиёт”ни шакллантирмоқда. Етакчи давлатларда рақамли иқтисодиётни жорий этишга аллақачон киришилган. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва технологияларнинг ривожланиши шароитида юртимизнинг иқтисодий тараққиётига рақамли иқтисодиётни ривожлантирмасдан эришиб бўлмайди.
Мазкур жараён туризм соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Бу борада халқаро тажрибани қўллаган ҳолда соҳани янада ривожлантириш устувор мақсадга айланмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Рақамли иқтисодиётни шакллантириш шароитида туризмни ривожлантириш: жаҳон тажрибаси ва миллий устуворликлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми кафедраси томонидан ўтказилган онлайн конференция иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Конференцияда юртимизда миллий туризм модели ривожланишининг шарт-шароитлари ва омиллари ҳақида батафсил фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, туризмнинг рақамлаштирилиши, пандемиянинг туризм соҳаси ривожига бўлган салбий таъсири, уни бартараф этиш чоралари ҳақида сўз юритилди. Анжуманга келиб тушган йўналишларга оид долзарб мавзулардаги мақолалар соҳа ривожи учун хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Усмонова
ЎзА