Туризм энди мавсумий фаолият эмас
Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, мазкур фаолият билан шуғулланаётган субъектлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида “Ички туризм ярмаркаси” ўтказилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ташкил қилинган ярмаркада ички туризм соҳасида фаолият юритувчи туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, хостел, меҳмон уйи) ва бошқа туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.
– Жорий йилда Самарқандга келаётган хорижлик сайёҳлар сонини 5 миллион, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 7 миллион нафарга етказиш режалаштирилган, – деди тадбир очилишида сўзга чиққан Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. – Бугунги тадбир айни мақсадга эришиш йўлида соҳа вакилларининг ўзаро ҳамкорликда самарали фаолият олиб боришларига ёрдам беришга қаратилган. Туризм мавсуми, деган тушунча секин-аста нотўғри фикрга айланмоқда. Чунки, кейинги пайтда йил-ўн икки юртимизга сайёҳлар ташрифи кузатилмоқда, бунинг учун имкониятлар яратиляпти. Самарқанд ана шундай туризм салоҳиятига эга шаҳар. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдалансак, мазкур тармоқнинг иқтисодиётимиздаги улуши кескин ошиши, шубҳасиз.
[gallery-22545]
Кўргазмада туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар сайёҳлар оқимини ошириш, кўрсатилаётган хизматларни такомиллаштириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикрлашиб олди.
– Уч йилдан бери туризм соҳасида фаолият олиб борамиз, – дейди “Ўктамхон” масъулияти чекланган жамияти туроператори Маҳлиё Жавқачова. – Ички туризм билан бирга ташқи туризм йўналишида ҳам самарали ишлаяпмиз. 2024 йилда 700 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижлик туристларга хизмат кўрсатдик. Ички туризм бўйича 40 дан ортиқ тур пакетларимиз бор. Жорий йилдан Қорақалпоғистон Республикасининг тарихий обидалари ва маданияти билан танишишга қаратилган янги йўналиш очишни мақсад қилганмиз. Хориж давлатларига сайёҳларни жўнатиш ва у ерда юртимизга келаётганларга хизмат кўрсатиш борасида ҳам самарадорликка эришмоқдамиз. Миср, Озарбайжон, Туркия, Вьетнам, Чехия, Россия давлатлари сайёҳлик фирмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Жорий йилда Россиянинг 17 та сайёҳлик фирмаси билан ҳамкорликда 1,5 минг сайёҳнинг юртимизга саёҳатини ташкил этмоқчимиз.
Ярмарка доирасида самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, миллий либослар тақдимоти, “Чавқи” фольклор-этнографик жамоасининг чиқишлари намойиш этилди ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари