Trend: ички талаб ва ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватламоқда
Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўсиш суръати ва макроиқтисодий сиёсатга бағишланган мақола эълон қилди. Унда Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзенинг мамлакат иқтисодий ривожланиши ҳақидаги фикрлари келтирилган.
Мақолада қайд этилишича, сўнгги беш-олти йилда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатини намоён этган. Бу жараёнда ички талаб барқарорлиги ва таркибий ислоҳотлар давом эттирилиши муҳим омил бўлмоқда.
Коба Гвенетадзе иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш учун ислоҳотларни изчил давом эттириш, макроиқтисодий сиёсатда барқарорликни таъминлаш ва ички талабни самарали бошқариш зарурлигини таъкидлаган.
Нашрда бюджет сиёсатига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ХВЖ вакили жаҳон бозорида олтин нархи юқорилиги Ўзбекистонга қўшимча даромад келтираётганини қайд этган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА