Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсмоқда
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон иқтисодиёти яқин икки йилда барқарор ўсишни сақлаб қолишини прогноз қилди. Банкнинг 2026 йил апрель ойида эълон қилинган «Осиё ривожланиш истиқболлари» (ADO) ҳисоботига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2026 йилда 6,7 фоизга, 2027 йилда эса 6,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур прогнозлар 2026 йил 10 март ҳолатига кўра шакллантирилган бўлиб, Яқин Шарқдаги вазият барқарорлашиши эҳтимоли ҳамда ташқи ноаниқликлар ҳисобга олинган.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида кутилганидан юқори ўсиш қайд этилган. Барча асосий тармоқлардаги ижобий кўрсаткичлар натижасида иқтисодий ўсиш 7,7 фоизни ташкил этган.
Хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланган. Ушбу тармоқ 14,7 фоизга ўсган бўлиб, бунда савдо, логистика, рақамли хизматлар ва туризм соҳаларининг ривожланиши муҳим роль ўйнаган.
Саноат соҳасида ҳам барқарор ўсиш кузатилиб, қурилишдан ташқари саноат ишлаб чиқариши 6,8 фоизга ошган. Қурилиш соҳасида уй-жой ва инфратузилма лойиҳаларига киритилган инвестициялар натижасида 14,2 фоизлик ўсиш қайд этилган. Қишлоқ хўжалиги тармоғи эса ўсимликшунослик ва чорвачиликдаги барқарор ўсиш ҳисобидан 4,4 фоизга ошган.
ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Араянинг таъкидлашича, мамлакат иқтисодиёти барқарор ички талаб, юқори инвестициялар ва изчил таркибий ислоҳотлар ҳисобига мустаҳкам позицияни сақлаб қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, келгусида хусусий секторга асосланган самарали ўсишга ўтиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда ички талаб иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилган. Аҳоли реал даромадлари 9,2 фоизга, инвестициялар ҳажми эса 10,5 фоизга ошган.
Шу билан бирга, инфляция даражаси ҳам пасайган. Хусусан, 2024 йилда 9,8 фоизни ташкил этган инфляция 2025 йилда 7,3 фоизга тушган. Бу қатъий пул-кредит сиёсати, валюта курсининг барқарорлашиши ва харажатлар босимининг камайиши билан изоҳланмоқда.
ОТБ прогнозларига кўра, инфляция пасайиши давом этади. Жумладан, 2026 йилда инфляция 6,5 фоизни ташкил этиши, 2027 йилга бориб эса Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига яқинлашиши кутилмоқда. Бироқ, энергия тарифлари ўзгариши ва озиқ-овқат таъминотидаги хавфлар ушбу жараёнга таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳисоботда бюджет тақчиллиги ҳам қисқаргани қайд этилган. Ижтимоий харажатлар сақлаб қолинган ҳолда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,1 фоизгача камайган. Экспорт, туризм тушумлари ва пул ўтказмалари ўсиши ташқи иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаган.
Шунингдек, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш иқтисодиётни янада трансформация қилишнинг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилган. Ушбу жараёнлар рақобатбардошликни ошириш, инвестициялар жалб қилиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА