Транспорт ва логистика йўналишида 158 та мурожаат ҳал этилди
Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Анъанага айланган ушбу мулоқот тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни бевосита ўрганиш, уларга амалий ечим топиш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тайёргарлик доирасида соҳада тўпланиб қолган бюрократия, инфратузилма ва экспорт билан боғлиқ оғриқли нуқталарни аниқлаш учун минглаб тадбиркорлар ўртасида кенг кўламли сўровномалар ўтказилди. Ҳар бир муаммога тизимли ёндашув асосида ечим изланмоқда.
Хусусан, пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 15 майдан бошлаб 50 дан ортиқ вазирлик ва идора вакилларидан иборат республика штаби ташкил этилган. Штаб 24/7 режимда узлуксиз фаолият юритмоқда.
Call-марказ ва расмий ботлар орқали тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4,2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилди, 1,8 мингга яқинини кўриб чиқиш давом этмоқда.
Жумладан, Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, Республика штабига жами 6 минг 375 та мурожаат келиб тушган. Шундан 181 таси транспорт ва логистика йўналишига тегишли. Мурожаатларда транспорт ва логистика фаолиятини юритишда учраётган амалий масалалар ҳамда мавжуд тўсиқлар кўтарилган.
2026 йил 6 август ҳолатига мурожаатларнинг 158 таси ҳал этилди, 23 таси кўриб чиқилмоқда. Йўналиш бўйича натижадорлик 87 фоизни ташкил этди. Ҳар бир ҳал этилган мурожаат — тадбиркор учун юк ташиш жараёнининг енгиллашиши, вақт ва харажатнинг тежалиши ҳамда етказиб бериш тизимининг барқарор ишлашига хизмат қилади.
Шунингдек, тайёргарлик доирасида масъул ташкилотлар томонидан 750 дан зиёд учрашув ўтказилиб, уларда 8,8 мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этди ва 3,5 мингдан зиёд таклиф ҳамда масалалар билдирилди.
Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган 130 дан ортиқ учрашувда эса 5,7 мингдан зиёд тадбиркор қатнашиб, 1,5 мингга яқин масалани ўртага ташлади. Аниқланган муаммоларни ҳал қилиш ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, республика бўйича 5 минг 72 нафар тадбиркор ўртасида сўровнома ўтказилди. У орқали корхоналар самарадорлиги, инвестиция ва инфратузилма таъминоти, солиқ маъмурчилиги, ташқи савдо ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги масалалар ўрганилди.
Сўров иштирокчиларининг 93 фоизини маҳаллий хусусий корхоналар ташкил этди. Унда савдо, хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари қамраб олинди.
Таҳлиллар корхоналарда меҳнат унумдорлигини ошириш ва таннархни пасайтириш бўйича ҳали катта имкониятлар борлигини кўрсатди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА