Тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари тизимли ўрганилмоқда
Мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда соҳа вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бу борада давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри очиқ мулоқотни таъминлаш ва юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Бизнес-омбудсман девонининг Тошкент шаҳар шўъбаси томонидан ҳам тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мунтазам равишда очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.
Шундай очиқ мулоқотлардан бири куни кеча Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар билан тадбиркорлик фаолиятини юритиш давомида юзага келаётган турли мазмундаги муаммолар, соҳани ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сунъий ғовлар ва ҳуқуқий масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбир қатнашувчиларининг пойтахтимизда ишбилармонлик муҳитини янада соддалаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган таклифлари тингланди.

Мулоқот давомида билдирилган кўплаб мурожаатлар юзасидан мутахассислар томонидан жойида ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Шу билан бирга, қўшимча текширув ва алоҳида ўрганишни талаб этадиган масалалар бўйича тадбиркорларнинг ёзма мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг ижроси Бизнес-омбудсман девонининг Тошкент шаҳар шўъбаси томонидан алоҳида назоратга олинди.
ЎзА